3:08

Болаларнинг ўсишига ёрдам 255

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Марҳамат, тингланг. Азиз ота- оналар, бола тарбияси қанчалик қийин, лекин шу билан бирга шарафли эканлигини ҳар биримиз ота-она бўлганимиздан кейин биламиз. Шахсан мен шундай ўйлардим. Агар вақти келиб мен ота бўлсам, дунёдаги энг яхши ота бўламан, деб ўзимга-ўзим ваъда берар эдим. Албатта бундай ўйлашимга ўзига яраша сабаблари бўлган. Бундан ташқари ўйлар эдимки, менинг фарзандларим дунёдаги энг тарбияли болалар бўлади, деб.

Минг афсус билан айтиш мумкин, буларни амалга ошириш мен ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Албатта болани уриб, ўз айтганларимизни қилдиришимиз мумкин.

Лекин бу худди бир сунъий тарбияга ўхшаб қолмасмикан? Азиз биродарлар, болаларни яхши тарбия олишини истасак, бола учун шундай шароитни ҳам ярата билишимиз керак. Биринчидан, уйдаги бўладиган оилавий уруш-жанжалларни умуман йўқ қилиш керак. Албатта масиҳий биродарлар учун тегишлимас, деб айтишимиз зарур эди. Лекин минг афсуски, масиҳий оилаларда ҳам баъзида уруш- жанжаллар бўлиб турар экан. Бола ўзини уйда бемалол ҳис қилиши керак. У учун ота-онаси билан очиқчасига гаплашиш қандайдир завқ бағишлаши керак.

Бу дегани энди бўлди, болани умуман жазоламанг дегани эмас. Ҳамма нарсанинг ҳам ўзига яраша чегараси мавжуд. Ҳурматли ота-оналар, албатта мен тўғри тушунаман, ҳозирги кунда ота ҳам, она ҳам эртадан кечгача ишлашига тўғри келади. Лекин ҳар биримиз қанчалик банд бўлмайлик, боламиз учун асосий тарбия берувчи ўзимиз ҳисобланамиз. Собиқ иттифоқ даврида кўпчилик ота-оналар болага тарбия берадиган маскан бу мактаб, деб билишар эди. Балки қайсидир маънода бу гап ҳам тўғридир. Ҳатто мен ўз ҳаётимдан айрим мисолларни ҳам келтиришим мумкин. Аслида мен унчалик тарбияси бузуқ бола эмасдим, лекин баъзида бошқа болаларга қўшилиб, ота-онамиз хоҳламаган ишларни ҳам қилиб турар эдим.

Шунга ўхшаш ишларимиз агар ота-онамизнинг қулоғига етиб боргудек бўлса, улар зудлик билан мактабга бориб, мени боламга қандай тарбия беряпсизлар, деб ҳамма ўқитувчиларни оёққа турғазар эди. Азизлар, худди шундай фикрдаги ота-оналар ҳозир ҳам кам бўлсада учраб туради. Мен уларга қарата шундай демоқчи эдим: “Азизлар, мактаб асосан болаларга билим берадиган маскан. Тўғри, тарбияни ҳам қайсидир маънода мактабдан олишлари керак. Тўғрисини тан олиб айтайлик, мактабда ўқитувчи берган тарбияни болалар, кўпинча ёдидан чиқариб қўйишади. Демак, ўз-ўзидан бола тарбияси ота-онанинг зиммасига тушади. Шундай экан азизлар, болаларимизни Худога муносиб, келажакда Худованд учун ажойиб хизматчи сифатида тарбиялайлик.

Худованд ушбу масалада ҳар биримизга ёр бўлсин. Шунинг билан азиз ота-оналар, биз учун ажратилган вақт ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашишдан аввал ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтсам: www.najot.com хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top