Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман. Азиз биродарлар, масиҳийликда барча муаммоларнинг бир ечими мавжуд. У ҳам бўлса, Худованд билан биргаликдаги мулоқатимиз. Яъни ибодатимиз. Айрим биродарларнинг қарашича, ибодат оддий сўзларга ўхшаши мумкин. Лекин аслида ибодат биз билмаган ва тушунмайдиган қудратли кучга эгадир. Худовандга ибодат қилганимизда У албатта ҳар биримизни эшитади. Кичик уй гуруҳлари борми, ёки катта жамоатлар бўладими, барча Худонинг жамоатларида ўзига яраша муаммолар бўлади.
Ҳеч бир жамоат ёки масиҳий биродар йўқки, унда муаммоси бўлмаса. Азизлар, ҳозир биз биргаликда умумий муаммолардан бири ҳақида сўз юритамиз. Баъзида айрим биродарлар йиғилишларга келмаслиги мумкин. Баъзиларида эса биродарлар билан орасида хафачилик бўлиши мумкин. Шундай муаммолар бўлганида, қандай йўл билан ҳал қилишимиз мумкин? Ўйлайманки, бундай муаммоларни биринчи галда жамоат етакчилари ҳал қилишлари керак. Албатта биринчи галда ибодат қилиб, Худованддан ёрдам сўраш лозим. Юҳанно мактубининг 14 боби 26 оятида ёзилганидек: “ Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, Менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга тушуради”.
Демак, Худованддан куч-қудрат, кечирим ва барча муаммоларни ҳал этишимиз учун барча керакли нарсаларни топишимиз мумкин. Булардан ташқари бошқа биродарлардан ёрдам ва маслаҳат сўрашингиз мумкин. Чунки кўпчилик етакчи биродарлар шунга ўхшаш муаммоларни бошидан кечирган бўлишлари мумкин. Уларнинг маслаҳатлари ҳам кўпинча муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради. Ҳурматли биродарлар, гуруҳ етакчиларини ҳам оддий бир инсон эканлиги асло ёдимиздан чиқмаслиги керак. Уларнинг ўзларидаги муаммолар ҳам етарлича бўлади.
Шунинг учун жамоат ва гуруҳ етакчиларига ҳам далда бериб туриш уларни ҳам руҳлантиради. Хуллас, масиҳийликда бир-биримизни руҳлантириб туриш ва Раббимиз каби бир-биримизга севги билан хизмат қилиш, борган сари имонимизни мустаҳкамланиб боришига ёрдам беради. Азиз биродарлар, доимо ҳушёрлик билан яшаш кўпгина хато ва гуноҳлардан сақланишимиз учун хизмат қилади. Худованд эса бизнинг ҳушёрлигимизни қўллаб-қувватлайди. Муҳими, ҳар биримизда хоҳиш ва ирода бўлсин. Азизлар, Худованд доимо ҳар биримизни тинглаш учун тайёр турибди. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда.
Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Азиз биродарлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинглар.