Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна сизлар билан мен, эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Азизлар, Раббимиз Исо Масиҳ ҳар биримизнинг эски ҳаётимиздаги барча гуноҳларимизни кечирган. Бу албатта Исо Масиҳга имон келтирган биродарлар учун таaлуқлидир. Шунга қарамай айрим пайтларда биродарларимизнинг содир этган гуноҳлари учун ибодатхоналардан четлаштирилганини эшитиб қоламиз. Азизлар, инсонни содир этган гуноҳлари учун ибодатхонадан ҳайдаш ёки четлаштириш тўғри бўлармикин?
Ушбу савол барча имонли биродарларни ўйлантириб келмоқда десам xато бўлмайди. Келинг азиз биродарлар, ушбу сволга жавоб топиш учун барчасини эринмай бошидан кўриб чиқишга ҳаракат қилайлик. Барчамиз эски ҳаётимиз давомида гуноҳга ботиб шайтоннинг қуллиги остида бўлганимиз ҳақиқатдир. Шу жумладан ўша гуноҳ содир этган биродар ҳам шайтоннинг қуллигида бўлган. Лекин Худованднинг инояти билан барчамиз оқландик ва абадий ҳаётга эришдик. Лекин кўпинча кўрамизки, гуноҳ содир этган биродар ибодатхонадан четлаштирилади. Демак, бу дегани уни яна аввалги гуноҳкор ҳаётига қайтариш деганидир.
Шайтоннинг олдига яна қайтиб келган ҳар бир инсонни у ҳам бажонидил қабул қилаверади. Ҳатто энди у инсонни аввалгисидан ҳам баттарроқ ишлатишга ҳаракат қилади. Шунинг учун азиз биродарлар, гуноҳ содир этган инсонни тарбиялаш яхшироқми ёки шайтоннинг қўлига қайта топширишми? Ушбу савол ҳар бир масиҳий инсоннинг ўзига боғлиқ. Ўйлайманки, ҳар бир жамоат ва чўпонлар ушбу саволга жуда донолик билан эътибор қилишади. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, мен бугунги эшиттиришимиз орқали ҳеч кимни айблаш ниятим йўқ. Аксинча, ҳар биримизни донолик билан иш тутишга чақирмоқчиман холос. Балки бир гуноҳкор инсон туфайли бутун жамоат зарар кўрганидан кўра, уни ибодатхонадан четлатган маъқулроқдир.
Азизлар, гуноҳкор инсонни жазолашдан асосий мақсад битта: у ҳам бўлса шу инсонни тузалиб, яна тўғри йўлдан боришга ўргатишдир. Кимдир жамоатда нотўғри таълимот тарқатиш билан шуғулланса, албатта уни маълум вақтга жамоатнинг бошқа аъзоларидан узоқроқда ушлаган мақул. Сабаби ўзингизга маълум. У инсон нафақат ўзини, қолаверса бошқаларни ҳам тўғри йўлдан оздириши мумкин. Ибодатхонадан четлатилган инсон гўё мохов касалига чалинган инсондек бўлиб қолмаслиги керак. У билан жамоат бошлиқлари имкон қадар учрашиб тўғри йўлга бошлаганлари маъқул. Азизлар, агар ҳар бир гуноҳкорнинг Худованд олдидаги тавбаси чин юракдан бўлган бўлса ва ҳақиқатдан қилинган тавба бўлса, вақт ўтиши билан уларнинг ўзлари хатоларини тушуниб етишади ва Худованд томонга интилишади. Худованд эса доимо ҳар кимни қабул қилишга тайёрдир.
Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.