Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчилар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Муҳтарам радио тингловчи биродарлар, шу пайтгача кўпчиликни ва ҳатто масиҳийларни ҳам айрим саволлар ўйлантириб келади. Шу саволлардан бири, биз кўриб турган баланд тоғлар қандай қилиб пайдо бўлган? Кўпчилик олимларнинг таъкидлашича, тоғлар орадан йиллар ва асрлар ўтиб аста-секин ривожланиб келган. Агар буни шундай деб қабул қиладиган бўлсак, унда Мукаддас Каломнинг 1 бобини қандай тушуниш мумкин?
У ерда айтилишича, Худованд бутун борлиқни олти кун давомида Ўзининг сўзлари орқали пайдо қилганлиги ҳақида гапирилади. Олимлар ушбу каломдаги сўзни сал бошқачароқ талқин қилишади. Яъни уларнинг айтишларича, олти кун деганда бир қанча давомий йилларни назарда тутиш мумкин эмиш. Яна бошқаларнинг айтишича, дунёга гуноҳ кириб келгандан кейин Худованд олти кун ичида бутун борлиқни янгитдан гуноҳкор одамларга мослаштириб яратган экан. Демак, бундан келиб чиқиб айтишимиз мумкин-ки, дунё аввал ҳам ҳеч бир нўқсонсиз бўлган. Йўқ, азиз радио тингловчи, дунёни ва ундаги барча жонзотларни Худованд Ўзининг кучи ва сўзлари билан олти кун давомида яратган.
Дунёда айнан шу масала бўйича қанчадан-қанча тортишувлар бўлади. Кўплаб нашриётлар ўзларининг фикрларини илгари суриш мақсадида кўплаб китоблар чоп этишади. Лекин қўлимизда ушлаб турган Муқаддас Калом бу ҳақиқатдир. Азиз биродарлар, ҳозирги кунга қадар Муқаддас Каломга асосланган ҳолда кўплаб тарихий обидалар ва Исо Масиҳ даврига мос кўплаб далилий ашёлар топилди. Буларнинг барчаси юқоридаги нотўғри фикрларга чек қўйиш мақсадида ҳар биримиз учун катта куч бағишлайди. Худованд буюк, У хоҳлаганини амалга ошириши мумкин.
Азизлар, ҳар куни Худованднинг буюклигини барчага тинмай гапирайлик. Бизга маълумки, кўплаб олимлар ўзларининг аввалги нотўғри фикрларини кейинчалик Муқаддас Каломга мос эканлигини тан олишди. Ҳурматли тингловчи, ҳозирги кунга қадар эволюционерлар томонидан илгари сурилган ҳеч бир фикр ўзининг исботини топмаган. Муқаддас Калом эса аксинча, бор ҳақиқатни ҳеч кимга исботлашни истамайди, лекин шундай бўлса ҳам ҳақиқат доимо ўз ўрнини топмоқда. Бунинг учун Худовандга миннатдорчилик билдирсак арзийди. Бизга маълумки, ҳеч нарсадан ҳеч нарса пайдо бўлмайди.
Демак, ҳали дунё ва борлиқ йўқ бўлган пайитда кимдир биз кўриб турган борлиқни яратган. Ана шу Кимдир эса Буюк Худованддир. Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда.
Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Албатта вақт топиб ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва афсусланмайсиз. Яна ҳаво мавжларида учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз тингловчи.