Ассалому алайкум. Мен Лола сизларга бир неча сафардан буён уйда гул ўстириш ҳақида маълумотлар бериб бормоқдаман. Шу ҳақида маълумот йиғар эканман мирт деган ўсимлик ҳақида ўқиб қолдим. Бу ўсимлик мени жуда қизиқтирди. Сабабини эса қуйироқда бу ўсимлик ҳақида батафсил маълумотга эга бўлганингиздан сўнг билиб оласиз. Мирт – миртадошларга мансуб ҳамиша яшил бута бўлиб, ватани – Ўрта денгиз бўйидаги мамлакатлар ва Азор оролларидир. Унинг 70 тури мавжуд. Шулардан “оддий мирт” деган тури хонаки ўсимлик ҳисобланади. Бўйи 1 м келадиган бу ўсимликнинг барглари яшил рангда, майда, чўзинчоқ ёки наштарсимон ва шохларда зич жойлашган бўлади. гуллари якка, майда, оқ ёки пушти рангда, жуда хушбўйдир.
Бутанинг барглари ва новдаларида эфир мойи бор; бу мойдан тиббиётда ва атторлик моллари тайёрлашда фойдаланилади. Миртнинг барглари ҳаводаги бактерияларни ўлдирадиган учувчан модда ажратиб чиқаради; шунга кўра, бу хушманзара ўсимлик хоналарга файз бериши билан бирга хонани ҳам тозалайди. Болтиқбўйи давлатларда бу ўсимлик бахт рамзи ва арзанда гул ҳисобланади. Мирт офтоб тушадиган дераза токчасида туриши, баҳор – ёз даврида мўл қилиб суғорилиши, сув пуркаб турилиши, суюқ органик ўғит билан озиқлантирилиши, тупроғи юмшатиб турилиши лозим. Гултуваклар қишда ёруғ, салқин жойда сақланиши, ўсимлик камдан-кам суғорилиши керак. Қишда ўсимликка сув пуркаш шарт эмас.
Ёш ўсимликлар йил сайин апрель – май ойларида янги тупроқ солинган идишга кўчириб ўтқазилиши, тупроқ аралашмаси қуйидаги нисбатда тайёрланиши лозим: 2 ҳисса чиптупроқ, 1 ҳисса чириндили тупроқ, 1 ҳисса хазонли тупроқ ва 0,5 ҳисса дарё қуми. Кўчириб ўтқазилган ўсимликнинг шох-шаббасига турли хил: думалоқ, чўзинчоқ, эҳромсимон шакл берилади ва новдалари қисқартириб турилади. Миртнинг уруғи ва қаламчаларини экиб кўпайтирилади. Қаламчалар эндигина ёғочлай бошлаган шоҳлардан 6-8 см узунликда кесиб олиниб, ювиб тозалангач, йирик дарё қуми солинган гултувакка ўтқазилади-да, усти ойна билан бекитиб қўйилади.
Мўл қилиб суғорилади ва ҳар куни сув пуркалади. Уч – тўрт ҳафтадан кейин қаламчалар илдиз отади, шундан сўнг улар диаметри 7-9 см келадиган гултувакларга кўчирилади. Гултуваклар ёруғ ва илиқ жойда сақланади ва мунтазам равишда суғорилади. Қалмчадан ўстирилган ўсимлик икки – уч йилдан кейин гуллайди. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, мирт хонадаги ҳавони тозалайди, анча соғломлаштиради. Бу ўсимликка сохта қалқондор ва ун қурти деб аталадиган зараркунандалар тушади. Шундай ҳолларда баргларни ва шох-бутоқларни совунли сувда ҳўлланган латта билан артиш керак.