3:22

Яхши суғорилган боғ

MP3

«Эй, Сен, бизнинг нажоткор Худойимиз! Сен бизга маҳобату адолат ила жавоб берасан…Сен ерни зиёрат этиб, сувга қондирасан, Унга мўл-кўлчилик ато қиласан.»

Ассалому алайкум, қадрдонлар. Мен Лола яна сизлар билан биргаман. Бугун суҳбатимиз бир оз бошқача, аммо ҳаётимиз учун муҳим бўлган бир мавзу ҳақида. Аёл зотини яхши биласиз. Чунки сиз ўзингиз ҳам аёлсиз. Унинг ташвишлари-ю, меҳнатлари, ғамхўрликлари-ю, куюнчакликлари сизга бегона эмас. Сиз ўз кучингиз ва меҳнатингизни борингизни оилангиздагилар учун сарфлайсиз. Бироқ шу кучни қаердан оласиз? Яна уларданми? Ҳа, қисман шундай бўлиши мумкин. Аммо, яшашингиз учун, ҳар қандай ҳолатда ҳам юракдан ҳотиржам бўла олишингиз учун, ҳаётнинг суронли дамларида ҳам мустаҳкам тура олишингиз учун кучни қаердан оласиз?

Бунинг учун менга Яратувчимнинг кучи керак. Агар мени яратган Зот менга яна олға босишим учун куч бермаса, йиқилиб қоламан. Ҳали ўлкамизда қиш фасли тугамаган бўлса ҳам, бизни олдинда кутаётган баҳорни тасаввур қилайлик. Баҳорда ҳовлидаги дарахтлар қийғос гуллайди. Шу латофати билан ҳаммани хурсанд қилади. Боғ ҳар қандай кишининг юрагидаги ташвишларини аритади. Бир дам бўлсада ташвишларни унутиб, стрессларни йўқотади. Боғда турли ҳил дарахтлар бўлади, бироқ қиш ҳали тугамасиданоқ, гуллайдиган дарахт бу — бодом. Уни оғир кунларида ҳам Худовандга умид қиладиган аёлга ўхшатиш мумкин. Бодом баҳорни ҳали олисдалигидаёқ ҳис қилади. Ҳаётимизда совуқ кунлар бўлса ҳам, ишонинг олдинда иссиқ ва қувончли кунлар бор. Боғ бу биз дам олишимиз ва роҳатланишимиз мумкин бўлган жой.

Биз эса ўша боғдаги дарахтлардан биримиз. Худога ишонган ва Унга манзур бўлишни истайдиган ҳар бир аёл Яратувчининг илоҳий кучи билан суғорилган дарахтга ўхшайди. Довуд пайғамбар айтганидек, У бизни сувга қондиради, бизнинг шохларимизга мўл-кўлчилик ато этади. Яъни бизни марҳаматлайди. Муқаддас Каломдаги ҳамма пайғамбарлар, жумладан Ишаё пайғамбар ҳам боғни шифоланиш ва роҳатланиш жойи деб тасвирлаган. Ишаё китобининг 58 бобида Худо ўз халқига шундай дейди: «Худованд сизни ҳар доим бошқаради; қуёшли юртда У сизларнинг муҳтожлигингизни қондиради ва танангизни бақувват қилади. Сизлар яхши суғорилган боғ ва суви ҳеч қачон тугамайдиган булоқ каби бўласизлар»

Худони севганлар атрофидагиларга адолатли муносабатда бўлса, муҳтожлигида уларга қайишса, Худованд уларни ҳам ташлаб қўймайди. Унга суянганларни Худованд шифолайди, қувватлантиради ва ҳудди яхши суғорилган боғ каби қилади. Ҳаётимизда болалар, иш ва ҳаётий ташвишлар каби қийин ҳолатлар кўп бўлса ҳам, Худога бўлган ишончимиз ва умидимиз бизни яхши кунларга етаклайди. Худо бизга тайёрлаган ажойиб кунларни кўрамиз. Худо бизни худди баҳорда гуллаган ва ёзда мўл-кўл ҳосил берадиган дарахтлардек қилади. Сиз ҳам Худо марҳаматлаган дарахт каби бўлишни истайсизми? Азизим, ташвишлардан чарчаганингизда бир дам Яратгувчингиз ҳақида ўйланг, Ундан ҳаётингиз учун куч ва марҳамат сўранг. У сизга ғамхўрлик қилади. Мен эса кейинги сафар дилдан суҳбатлашгунга қадар ҳайрлашиб қоламан.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top