4:27

Аёл оила бошқарувчиси сифатида

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Сизлар билан яна эфир орқали дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Ҳар сафаргидек мен Лола сизлар билан қизиқарли мавзуларда суҳбатлашаман. Эр оиланинг назоратчиси ҳисобланади. Аммо уйни бошқариш эса аёлнинг қўлида. Бу гапимиздан аёл оиланинг боши экан деган нотўғри хаёлга борманг. Аёл ўз ҳолича қарорлар қабул қилмайди. Эр оиланинг назоратчиси, аёл эса бошқарувчи ёрдамчи улар иккови биргаликда оила аталмиш кемани бошқаришади. Уларнинг ҳар бири ўз вазифасини бажаради. Эр оилани мустаҳкам ушлаб турадиган шахс. Эр ўзининг кучи ва барқарорлиги билан оилани ўз қўлида мустаҳкам тутиб туради. Аёл эса тўқувчига ўхшайди. У ўзининг олтин қўллари билан оилага чиройли кўриниш, хурсандчилик ва марҳамат келтиради. Бугунги кун аёли бирор жойда ишлашни ва ўзининг севган сохасида муваффақиятларга эришишни истайди. Юртга ва бошқаларга фойда келтиришни орзу қилади. Бироқ хамма аёллар ҳам ишли эмас. Орамизда жуда кўп аёллар уй бекаси. Улар ўзларининг уй бекаликлари ҳақида хўрсиниб: “Мен шунчаки уй бекасиман холос” – дейишади. Бошида аёлни уй бошқарувчиси деганимизнинг сабаби ҳам шунда. Одатда уй бекаси деганда, ҳеч иш қилмай уйда ўтирадиган аёлни кўз олдимизга келтирамиз. Бироқ бу хато тасаввур. Аёл уй бекаси – у уй бошқарувчиси. Унинг иши бирор бир ташкилотда ишлайдиган аёлнинг ишидан кам эмас. Уй бекаси бутун қалбини оиласига бахш этади. Шу ўринда Сулаймон пайғамбарнинг маталлар китобидан мисол келтирсам. Сулаймоннинг маталлари китобида оқила ва фаросатли аёл ҳақида ажойиб сўзлар бор. Агар ўша парчани ўқисангиз уй бошқарувчи аёллар ҳақида гап кетаётганлигини тушуниб олиш қийин эмас. Албатта у аёл ўша замоннинг ҳолатига қараб тасвирланган. Бироқ биз бу оятларни бир оз замонамизга мослаб тушунтиришимиз мумкин. Маталлар 31 бобдаги оқила ва фаросатли аёл бугунги кунда қандай бўлиши мумкинлигини ҳозироқ эътиборингизга ҳавола қиламан. Маталлар 31 боб 10 оятда «Фаросатли хотинни ким топа олади, унинг бахоси гавҳардан хам баланд” – деб ёзилган. Биз эса бундай деймиз. Бугунги куннинг аёли тенги йўқ, ажойиб аёл. Уни қимматбахо тақинчоқлар ва энг охирги русумдаги автомобилларга сотиб ололмайсиз. Унинг ички гўзаллигининг бахоси йўқ. 11 оят: «Эри унга юракдан ишонади, хеч нарсага мухтож бўлмайди”. Биз эса бундай деймиз, бугунги куннинг аёлига эри дилдан ишонади. У ўзининг бор мулкини унга ишониб топширган. Аёл эрининг пулларини беҳудага совурмайди, аксинча уларни тежаб-тергаб ишлатади ва эрининг бойлигини кўпайтиради. 12 оят: “ У эрига ёмонлик эмас, бир умр яхшилик қилади”. Биз шундай деймиз. У фақат эрининг фойдасини кўзлайди. У ҳокисор ёрдамчи. Ва ажойиб турмуш ўртоқ. 13 оят: “Жун ва сурп топади, хурсанд бўлиб ўз қўли билан ишлайди.” Бугунги куннинг аёли уйини озода сақлайди, уни ўзининг бетакрор дидига мослаб безатади. У рўзғор ишларини чин дилдан, хурсанд бўлиб қилади. 14 оят: «Савдо кемалари каби узоқдан нонини келтиради”.- Аёл яқинидаги бозордан ёки дўконлардан бозорлик қилади. У оиласи учун янги пишган сабзавотлар, озиқ овқатлар ва фойдали егуликлар харид қилади. Ҳарид қилган махсулотларидан эса мазали ва чиройли овқат тайёрлайди. 15 оят: «Қоронғуда ўрнидан туриб, уй ахлини овқатлантиради, хизматкорларига топшириқ беради.” ― У ўз кундалик ишларини бошлашдан олдин эрта туриб эрини ва фарзандларини овқатлантиради. Эрини ишга ва фарзандларини мактабга, боғчага кузатади. 16 оят: «Ўйлаб дала сотиб олади, ўз қўли билан узумзор яратади.” – Бугуннинг аёли ўз қўли билан ўсимлик кўкартиради, унинг ҳосилидан эри ва фарзандлари хам баҳраманд бўлади. Топган пулини болаларининг фойдаси учун ишлатади. Уларни донолик билан тарбиялайди. Сиз хозир тинглаётган оятларнинг хаммаси Сулаймоннинг ҳикматлари китобидан олинган. Биз эса сизлар билан ўша оятларни бугунги куннинг аёлига мослаб тахлил қиляпмиз. Тахлилимиз ҳали тугагани йўқ, аммо афсуски вақтимиз чегараланган. Шунинг учун бугунги куннинг аёли Маталлар китобидаги оятларга кўра қандай бўлиши кераклигига қизиқсангиз бизнинг кейинги суҳбатимизни хам тингланг. Азизлар яна ҳам қизиқроқ мавзуларни билишингиз учун сизларни бизнинг www.najot.com сайтимизга таклиф қиламан.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top