Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна сизлар билан мен, эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Азизлар, Худованд биз имонлиларга радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашишга имконият бермоқда, шу имконият учун миннатдормиз. Азизлар, ҳозирги кунда айрим биродарларимиз Худованднинг сўзига юзаки қарашади. Бунинг сабаби, улар ўзларининг шахсий тажрибаларига ишонганларидан ёки бўлмаса ўзларининг ички интуицияларига ишонганларидан бўлса керак.
Бундан ташқари яна айрим биродарларимиз ўзларининг ютуқларини кўриб, Худованднинг каломини ўрганишни эсларидан чиқариб қўядилар. Гўёки уларни ютуқлари Худованднинг марҳамати остида бўлаётгандек. Тўғри, ҳар бир қилаётган ишимизни Худованд марҳаматлайди ва Унинг назорати остида бўлади. Лекин инсон ҳам ўз кучи билан нимагадир эришиши мумкин. Қачонки бундай ютуқларимиз парчаланиб ўз кучини йўқотгандагина, бунинг сабабини тушуниб етишимиз мумкин. Эфесликларга мактубининг 4 боби 14 ва 15 оятларини биргаликда ўқиб кўрсак:
“Бундан буён ҳар турли таълимотларнинг шамоли билан учиб тебраниб юрадиган гўдаклардай бўлмайлик. Мана, имонда гўдаклигича қолган кишилар қув одамларнинг ҳийласи ва тарқатаётган сохта таълимотларининг қурбони бўлиб, йўлдан озиб кетдилар. Биз, аксинча, ҳақиқат ва муҳаббатга содиқ қолиб, ҳар жиҳатдан баданнинг боши — Масиҳ томон ўсиб борайлик”. Ҳар бир масиҳий ўзини имонли ҳисоблар экан, ҳар бири руҳий мустаҳкам бўлиши шарт. Бу фақатгина ёвузликка қарши курашиш учунгина эмас, балки ўз имонимизни келажак ҳаётимизда ҳам мустаҳкам сақлай билишимиз учундир.
1 Бутрус китобининг 2 боби 2 оятини ўқиб кўрамиз: “Янги туғилган чақалоқ соф она сутини тусагандай, Худо каломини орзу қилинглар, токи у калом билан озиқланиб, ўсиб бориб, нажотга эришинглар”. Нима учун ҳаворий Павлус ҳар қандай муаммоларни енга олгани ҳар биримизга маълум бўлса керак. Чунки у Худованднинг каломини жуда яхши билар эди. Шунга қарамай у ҳам ўз камчиликлари билан курашган. Инсон борки, унда ўзига яраша камчиликлари ҳам бўлади. Ушбу камчиликларни тан олиш, демак, ғалаба учун ташланган биринчи қадамдир.
Агарда яшириб юрсак, унинг ёнидан яна бошқа бир гуноҳ деган нихол ўсиб чиқади ва орадан йиллар ўтиб, албатта ўз ҳосилини беради. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Худованднинг каломини чуқурроқ ўрганиш учун, ўзингизга режа тузиб олиш мумкин. Қанчалик каломни чуқур билсак, шунчалик ҳис-туйғуларга камроқ бериламиз. Худованд ҳар биримизни марҳаматласин деб, бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчиман. Ундан аввал сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини яна бир марта айтиб эслатиб ўтмоқчиман:
www.najot.com ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва янада янги маълумотларга эга бўлинг. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг, азизлар.