MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна “Дилкаш” радиоси. Азиз биродарлар, эшиттиришларимиз сизларга манзур бўлаётганидан жуда хурсандмиз. Марҳамат тингланг, навбатдаги эшиттиришимиз эфирда. Кўпинча одамлар бир-бирларига кўплаб ваъдалар беришади. Масалан, кўплаб сиёсатчилар ажойиб ҳаёт тарзини ваъда қилишади-да, бажара олмайдилар. Бундай ваъдаларга кўникиб қолган инсонлар эса сиёсатчиларга бўлган ишончларини аллақачон йўқотиб бўлишган десак бўлади. Лекин оддий инсонлар ҳам баъзида ўз ваъдаларини устидан чиқа олмайдилар.

Улар ўз ваъдаларини бажаришга ҳаракат қилишлари мумкин, лекин ҳаётда шундай нарсалар ҳам бўлиб туради-ки, уларнинг ваъдалари амалга ошиши учун халақит қилиши мумкин. Хуллас, нима бўлганида ҳам ваъда бажарилмаса, ваъдалигича қолиб кетаверади. Агар Муқаддас каломни ўқиб кўрадиган бўлсак, у жойда ҳам Худованднинг жуда кўплаб ваъдаларини учратишимиз мумкин. Масалан, Худованднинг энг муҳим ваъдаларидан бири, бу “агар чин юракдан барча гуноҳларимиз учун тавба қилсак, У гуноҳларимизни кечиришини” айтади. 1 Юҳанно китобининг 1боби 9 оятидан айнан шу ҳақида бир ажойиб оят ёзилган. Келинг азиз радио тингловчи мухлислар, ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрамиз.

“Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликдан фориғ қилади. Чунки У Ўз сўзида содиқ ва адолатлидир”. Худованд Исо Масиҳнинг нажоткор эканлигига ишонганларнинг барчасини қутқаришга ваъда берган. Масалан, Римликларга мактубининг 10 боби 13 оятида шундай ёзилади: “Чунки Раббимиз исмини чақирадиган ҳар бир киши нажот топур”. Бу Худованднинг инсонлар учун берган ваъдаси. Дарҳақиқат, Раббимиз Исо Масиҳга ишонган ҳар бир инсон нажотга эга бўлади. Улар эндиликда Худованд билан янги инсон сифатида ўз ҳаёт варақларини янги саҳифаларини бошлайдилар. Азиз радио тингловчи, инсонлар билан Худованднинг ваъдаси ўртасидаги фарқни қанчалик фарқи борлигини билган бўлсангиз керак.

Худованд Раббимиз Исо Масиҳни яна ер юзига иккинчи бор юбориб нажотга эга бўлганларни Ўзининг жаннатига олиб бориш ҳақида ҳам ваъда берган. Шу жаннатга кириш учун ҳар бир инсон Унга лойиқ бўлиши керак. Азизлар, Муқаддас каломни ўқиганимизда Худованднинг ваъдалари амалга ошаётганини кўрамиз. Агар шу ваъдалардан ҳатто биргинаси ҳам амалга ошмай қолганида, бошқаларига ҳам ишонмаса бўларди. Лекин Худованд шу пайтгача барча ваъдаларини амалга оширган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиши керак. Худованднинг ваъдалари амалга ошиши учун ҳеч нарса унга тўсқинлик қила олмайди. Азиз биродарлар, Худованднинг ваъдаси инсонларнинг таъбига кўра амалга ошмайди.

У Ўз ваъдасини хоҳлаганича амалга оширади. Шунинг билан азиз биродарлар, ваъда ҳақидаги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com азизлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашишга ваъда берамиз. Ўйлаймизки, ушбу ваъдамиз амалга ошиши учун Худованд бизни қўллаб-қувватлайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top