3:00

Имоннинг қийин йўли

MP3

«Мен сенга ақл ўргатарман, юрар йўлингни кўрсатарман. Кўзим сенинг устингда бўлиб, Сенга раҳнамолик қиларман.» Забур 31:8

Ассалому алайкум азизлар. Баҳор элчиси каби мен Лола сизнинг қалбингизга илиқлик бахш этиш учун яна ҳузурингиздаман. Айни шу кунларда илиқлик бизга жуда зарур. Кунлар совуқ. Бу йилгидек қишни умрим бино бўлиб кўрмаганман. Иқлим ўзгаряпти. Аммо бизни Яратган Худованд ҳеч қачон ўзгармайди. У аввал қандай бўлса ҳозир ҳам шундай. Бизга пайғамбар Довуд ёзган Забур китоби орқали, далда беради. « Мен сенга ақл ўргатарман, юрар йўлингни кўрсатарман. Кўзим сенинг устингда бўлиб, Сенга раҳнамолик қиларман ». Бу оят сизларга маъқул бўлдими?

Сизларни билмадим-у, аммо менга айни дамда Худонинг раҳномолиги керак. Унинг бошқарувига муҳтожман. Ëдингизда бўлса ўтган сафар Рут ҳақида суҳбатлашган эдик. Сизнингча, Рутнинг қайнонаси билан ўзи учун бегона бўлган юртга бориш осон бўлганми? Бу қарорга келиш унинг учун қийин бўлгандир. Аввалги суҳбатимизда айганимиздек, Исроиллик оиланинг бекаси бўлган Наима эри билан ўғиллари ўлгач, Мўабда ортиқ қололмаслигини англади. У келинларига: «Энди ўз ота-оналарингиз бағрига қайтинглар. Мен сизларни ўзим билан юртимга олиб кетолмайман. Бошқа ўғилларим бормиди-ки, сизларни уларга олиб берсам», — деди. Дастлаб катта келин ҳам бу гапга рози бўлмади, бироқ Наима қистайвергач, охири ўз ота-онасиникига кетди.

Бу орада анча-мунча вақт ўтгандир. Наима Рутни кўндириш учун ҳам анча вақт сарфлаган деб ўйлайман. Рут асли Мўаблик ва ёшлигидан бутларга сиғинадиган оилада ўсган бўлса-да, турмушга чиқиб, Исроиллик оиладан ягона Худо ҳақида эшитган. Бу бизнинг тахминимиз аммо ҳақиқатга жуда яқин тахмин. Ягона Худо ҳақида эшитган Рутга қайнонаси билан ўзи учун бегона бўлган юртга кетиш осон бўлмаган. Агар у Мўабда қолса, атрофида ўзи таниган кишилар, ота-онаси ва дўстлари ёнида бўлади. Қайнонаси билан кетса-чи? У ерда одамлар Рутни қандай кутиб олади. Бева аёлни қандай кутиб олишлари мумкин? Турли хил гап-сўзлар бўлмайдими? Шундай бўлиши аниқ. Бироқ Худога бўлган имони ва ишончи бу хилдаги ўй-ҳаёллардан устун келди. Қийин бўлса ҳам қайнонаси билан Байтлаҳм шаҳрига кетишга қарор қилди.

У ўзини олдинда нималар кутаётганини билмасди, аммо Байтлаҳмда уни севадиган Худо кутиб турарди. Худо унинг учун ҳақиқий ҳаёт ва бўлажак турмуш ўртоғи танлаб қўйган эди. Бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай қийин дамлар бўлади. Худога бўлган имонимиз туфайли енгил ҳаёт кечиришдан воз кечиб қийин бўлса ҳам Худо айтганидек яшашимизга тўғри келади. Аммо шундай қилсак, қийинчиликлар ортида бизни Худонинг марҳамати ва баракати кутиб туради. Ҳаётда кўпчилик ҳийла – найранг ва виждонсизлик билан осонгина ҳаёт кечиришни ва осонгина пул топишни танлайди. Худони севганлар эса қийин бўлса ҳам имон йўлини танлаши аниқ. Агар сиз ҳам шу йўлни танлаган бўлсангиз, асло тушкунликка тушманг, бу қийинчиликлар ортида сизни Худованднинг марҳамати кутиб турибди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top