Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Марҳамат, тингланг. Азизр радио тингловчи биродарлар. Биз болалар ўқитувчилари болаларга Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида нимаики гапирсак, улар барчасини тўғридан-тўғри қабул қилишади. Шунинг учун ҳар бир ўқитувчининг шахсий тайёргарлиги жуда муҳим. Ўқитувчи болаларга Худонинг сўзини етқазувчи воситачи бўлиши керак. Худо кимдир орқали гапиради. Азизлар, бундан ташқари бир муҳим нарсага катта эътибор қаратишимиз ҳам лозим.
Яъни бола фақатгина бизнинг гапираётган гапларимизга боғланиб қолмаслиги керак. Уларнинг ўзлари ҳам Муқаддас каломни ўқиб, ўқитувчининг ҳар бир гапирган гапларига шахсан ўзлари ишонч ҳосил қилишлари лозим. Агар Ҳаворийларнинг Хушхабар айтишларини мисол қилиб оладиган бўлсак, улар фақатгина каломга асосланиб, Хушхабар айтишганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ҳаворий Бутрус Ҳаворийлар мактубининг 3 боби 18 оятида шундай деб айтган эди.
“Худо-ку барча пайғамбарлар оғзи ила Масиҳнинг азоб чекишини олдиндан хабар қилган эди ва Ўз сўзини ана шу йўсинда бажо келтирди”.
Ушбу оятда асосий фокус шунга қаратилган-ки, Худованднинг қутқариш режаси каломга асосланганлигини кўришимиз мумкин. Азиз биродарлар, энг муҳим омиллардан бири шуки, ҳар бир ўқитувчининг болаларга гапираётган гаплари унинг шахсий тўқиган ҳикояси эмас, ёки яна бошқа бир инсоннинг фикри эмас, балки Худованднинг каломида ёзилган гаплар эканлигини болалар тушуниб етишлари керак. Азиз ўқитувчилар, шу ерда сизларга бир кичкина сирни очмоқчи эдим. Болаларга дарс ўтаётган пайтингизда, “Худованднинг каломида шундай ёзилган” ёки “Худованд шундай дейди” деган гапларни тез-тез ишлатиб туришга одатланинг.
Бу болаларга бор ҳақиқатни англаб етишлари учун катта ёрдам беради. Бундан ташқари агарда болалар сизга савол билан мурожаат қилсалар, Муқаддас каломни очиб каломдан жавоб беришга одатланинг. Ўйлайманки, бундай одат нафақат болалар учун, балки катта ёшдагилар учун ҳам фойдали бўлади. Болалар билан дарс ўтаётган ўқитувчи доимо қўлида Муқаддас каломни ушлаган ҳолда туриши лозим. Бундай ҳолат болалар учун кўргазмали дарс бўлади, деб айтишимиз мумкин. Болаларга шуни аниқ етқаза олишимиз керак.
Ушбу китоб оддий китоб эмас. Бу китоб дунёдаги барча китоблардан фарқ қилади. Бу Худованднинг одамлар учун юборган ва Унинг ҳар бир сўзи ёзиб қўйилган каломдир. Шунинг учун ҳар бир инсон ушбу каломни ўқиб, қандай қилиб тўғри яшашни билиб олишлари мумкин. Азиз биродарлар, дарсларингизнинг бирини қандай қилиб биз Худованднинг каломини олганимизга бағишланг. Болалар аниқ билишлари керак, калом қандай қилиб бизгача етиб келганлигини. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчиман. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com яна радиомиз тўлқинларида соғ-омон учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.