3:42

Исо – йўл, ҳақиқат ва ҳаёт

MP3

Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, хазрати Исо ким? Бу ҳақда хеч ўйлаб кўрганмисиз? Ҳа, тўғри, У Худони ўзида мужассам этган муқаддас инсон бўлган. Лекин, хазрати Исо ҳақида ўйласам, Уни йўл, ҳақиқат ва ҳаёт эканини кўраман. Бу бор гап азизлар. Чунки мен, Каломдаги ҳар бир сўзга ишонаман. Бу ҳақда Юҳанно хушхабарининг ўнтўртинчи бобида ажойиб оятлар бор. Келинг, уларни сизга ўқиб берай.

Исо унга деди: – Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди. Агар Мени билсангиз, Отамни ҳам биласизлар. Бундан буён Уни биласизлар, Уни кўргансизлар. Филип Исога деди: – Раббий, бизларга Отани кўрсат, шу биз учун етарли! – Филип, – деди унга Исо, – Мен шунча вақтдан бери сизлар билан биргаман-у, Мени танимайсанми? Мени кўрган Отамни кўрган бўлади.

Энди сен қандай қилиб, „Отани бизларга кўрсат”, деяпсан? Мен Отамда ҳозирман, Отам эса Менда ҳозир, сен бунга ишонмайсанми?……. Сизларга ростини айтайин: Менга ишонган киши Мен қилаётган ишларни ўзи қилади ва ҳатто бундан каттароғини ҳам қилади. Зеро Мен Отамнинг олдига кетяпман. Менинг номимдан Отадан бирор нарса сўрасангизлар, уни бажо келтираман, токи Ота Ўз Ўғли орқали улуғлансин. Ҳа, Менинг номим учун нима сўрасангизлар, Мен уни бажо келтираман. (Юҳанно 14). Нақадар ажойиб оятлар. Исонинг ҳақиқий шогирди ва издоши учун, Исо йўл, ҳақиқат ва ҳаёт бўлиши табиийдир. Табиий бўлиши яхши-ку, лекин бу нарса шу қадар табиий бўлиб кетганки, биз буни афсус ёдимиздан чиқариб қўямиз. Бу ҳақда бир неча бор ўқиган бўлсак ҳам, ушбу ҳақиқатнинг мазаси оғзимизда қолмаган. Хаёт ташвишларию-қийинчиликлари келганида, Исога барча диққатимизни қаратишни ўрнига, ҳаётдан нолишни бошлаймиз.

Азизлар, келинг, бугунги ибодатни айнан мана шу мавзуга қаратсак. Айнан мана шу йўл, ҳақиқат ва ҳаётимиз бўлган Раббимиз Исога барча диққатимизни қаратамиз. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг, чунки биргаликда айтилган ибодат кучлироқдир. Осмондаги Отажон, Сени шундай деб атаймизку, лекин Сен осмонда бўлсанг ҳам, Сенинг севгинг ва Руҳинг доим бизлар билан биргадир. Худойим, ахир Исо Сенда ҳозир, биз бунга ишонамиз. Ишонганимиз учун ҳам, биз Сенга айнан Исо номидан мурожаат қилиб бизга ҳам, йўл, ҳақиқат ва ҳаётни мужассам этишни ўргат. Сенинг номинг ўғлинг Исо орқали улуғланиб келяпти. Худойим, Сен бизни шундай фарзанд қилиб тарбиялагинки, биз ҳам кўпгина ажойиб ишлар қилиб, муқаддас номингни одамлар орасида улуғлайлик. Орамиздаги мухаббату-севгини кўрган қалблар ушбу мўжизадан бахраманд бўлиб, Сен азизнинг номига шукрлар келтирсин. Худойим, бизни Ўзинг мархаматлагин. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик, Сен биз учун доим йўл, ҳақиқат ва ҳаётимиз бўлгин. Барча ишларни фақат ману шу ҳақиқатинга таянган холда қилайлик. Худойим, муқаддас номинг, сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top