Narrator 1 Ассалому алайкум. Сиз Худовандни ҳар томондан биласиз: Унинг меҳрибонлигини, қудратини, кечиримлилиги ва ҳамдардлигини, севисини. Уни шундай ажойиб Дўст, ҳамма гуноҳларни кечирувчи меҳрибон Ота деб биласиз. Аммо назаримизда бугун жамоатимиздаги чўпонлар ва ўқитувчилар Худованднинг меҳрибон Оталигига кўпроқ урғу бериб, Унинг ғазаби ҳақида унутиб қўйганлар. Ғазаб ўзи нима? Кўпчиликнинг фикрича бу – ўзини бошқара олмай қолиш. Ҳис туйғуларнинг портлаб кетиши ва кучли жаҳл. Бу чиндан ҳам тўғри тавсиф. Бироқ Худованд ғазаби инсон ғазабига мутлақо ўхшамайди. Унинг ғазаби одил ва адолатлидир. Муқаддас Каломда Худованднинг севгиси, марҳамати, инояти ва кечиримидан ташқари, Унинг ғазаби ҳақида ҳам ёзилган. Ҳақиқий Худованд фарзанди, буни кўрмай ўтиб кетган бўлиши мумкин эмас.
Narrator 2 Агар ўқиган бўлсангиз, Худованднинг ғазаби инжиқ, худбин ва аҳлоққа тўғри келмайдиган эмас. У ғазаб қилганида гуноҳ қилмайди. Биз инсонлар ғазаб ва жаҳл пайтида ақлимизни йўқотиб, гуноҳ қилиб қўямиз. Бироқ Худованд солиҳ ва адолатлидир. Бундай ғазабни инсонлар орасидан ҳам топиш мумкин, аммо жуда кам. Худовандга яқин бўлган инсон Худованднинг нимадан ғазабланишини яхши билади. Худованд ғазаби инсонлар ўзи танлайдиган нарса. Чиндан ҳам инсонлар Худо ғазабини ўзларига қаратадилар. Муқаддас Каломда Исо Масиҳ ёруғлик ва қоронғулик ҳақида айтган. Атрофга қаранг, инсонлар эзгулик ҳақида билишса ҳам, ёвузлик қилишни танлашади. Худованд амрларини билган ҳолда, ҳеч иккиланмай, гуноҳга қўл уришади.
Narrator 1 Калом шундай дейди: «Илоҳий ҳукм шундан далолатдирки, оламга нур келган бўлса ҳам, одамлар нурдан кўра зулматни аъло кўрдилар; чунки уларнинг қилмишлари ёмонлик эди. Кимки ёмонлик қилиб юрса, нурни ёмон кўради, ёмон қилмишлари фош бўлиб қолмаслиги учун нурга қараб юрмайди.» Мана шунинг учун ҳам инсонлар аввалги қилган ишлари фош бўлиб қолмаслиги учун, гуноҳ ва ёвузлик қилишда давом этишади. Нурдан қўрқиб, ундан узоқлашади. Шундай қилиб, улар ўзлари Худованд ғазаби устиларига сочилишини танлашади. Худованд Ўзи яратган инсонларининг охиратда, дўзахга тушиб, абадий қийналишларини истамайди. Ундайларга ҳаётларининг турли босқичларида Ўзига келишга белги беради, уларни чорлайди. Шунга қарамай, гуноҳ қилишни танлаган инсонлар Худонинг «Менинг олдимга келинг…» деган чорловини рад қилади.
Narrator 2 Инсон табиати шундайки, у фақат кўрган нарсасига ишонади. Осмон Шоҳлиги, дўзах каби нарсаларни кўрмагани учун, «Улар ҳали бор нарсами, йўқми» деган фикрда бу дунёда гуноҳли йўлни танлаб, кўпроқ фойда кўришни, ўзи истаганидек яшаб қолишни хоҳлайди. Худованд иродасини билиб туриб, унга бўйсунмаганлар, Худованд иродасини билмай бўйсунмаганлардан кўра кўпроқ Худо ғазабига дучор бўладилар. Худованд иродасини билмаган инсон ҳам, жазодан қутулиб қолмайди. Демак Худованд иродасини билиб туриб, бажармаслик ҳам, Унинг иродасини билмайман, дея баҳона қилиш ҳам бизни Худо ғазабидан қутқариб қолмас экан. Инсон ўз Яратувчисига интилиб, Уни мамнун қилиб яшашга ҳаракат қилмоғи лозим.