MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Биз сизлар билан Худованд Каломида исмлари зикр этилган, ҳаётидан сабоқ олишимиз мумкин бўлган шахслар ҳақида суҳбатлашмоқдамиз. Бугун Муқаддас Каломга чуқур назар ташлаб, гуноҳкорлар ҳақида нима дейилганига диққат қиламиз. Бу дунёда ҳамма гуноҳкор. Ҳеч бир солиҳ киши йўқ. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Солиҳ киши йўқ. Бир киши ҳам йўқдир. Идрокли ҳеч ким йўқ. Худони изловчи ҳеч ким йўқдир. Ҳамма гумроҳ бўлди, барча бузилди. Яхшилик қилгувчи йўқ, бирор киши ҳам йўқ. Уларнинг бўғзи – очиқ лаҳаддир, сўзларида тилёғламалик. Тиллари остида – илон заҳари. Зардага, заққумга тўла оғизлари. Қон тўкмак-чун чаққондир оёқлари. Улар қадам босган жойга фалокат келур. Улар билмас тинчлик йўлини. Худодан қўрқиш йўқ уларнинг кўз ўнгида» (Рим 3:10-18).

Narrator 2 Демак, бу дунё гуноҳкорларга тўлиб кетган. Ҳар турли ҳақсизлик, зино, ёвузлик, тамагирлик ва гина-кудуратга тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Тили аччиқ, туҳматчи, худобезор, дилозор, кибрли, мағрур, бадният, ота-онага итоатсиз, андишасиз, бевафо, илтифотсиз, муросасиз ва бефаҳм кишиларни ҳар куни учратмаймизми? Юқорида келтирилган рўйҳатни олдингизга қўйганингизда эди, улар орасидан ўзингизни тасвирлайдиган ҳеч бўлмаса иккита ҳислатни топган бўлардингиз. Сиз ўзингизни гуноҳкор деб ҳисобламайсиз, бу аниқ. Сиз мен кибрли, ота-онага итоатсиз, худобезор ва туҳматчи эмасман, дейсиз. Бироқ илтифотсизлик, уйингизга келганларга, сиздан бирор бир нарса сўраганларга илтифотсиз бўлмаганмисиз?

Narrator 1 Мен умрим давомида қотиллик қилмаганман, зинокор ва фирибгар ҳам эмасман-дейсиз. Аммо ўйлаб кўринг-чи, ким билан уришгансиз, қачон мағрур бўлгансиз, кимнинг дилини оғритгансиз? Шундай ишларни қилган экансиз, ўзингизни гуноҳсизман деб айта оласизми? Исо Масиҳ даврида ҳам гуноҳкорлар бир неча тоифага бўлинган. Уларнинг баъзилари ўзларининг гуноҳкор эканликларини тан олган ҳолда, афсус ва надомад билан бошлари эгик ҳолда Раббимиз олдига кечирим учун келганлар. Улар Худованд олдида бошларини ҳам кўтариб тура олмаганлар. Улар чин дилдан гуноҳларини эътироф этиб, улардан озод бўлишни истаган, Худованд иродасини бажо келтиришга тайёр гуноҳкорлар эди. Бошқалари эса, одамлар кўз ўнгида, ўта тақводор ва художўй кишлар эди.

Narrator 2 Ундайлар халқнинг олқишини олишга, меҳмонга чақирилганда тўрда ўтиришга ўрганиб қолган, оддий кишиларга панду-насиҳат қилишни хуш кўрадиган гуноҳкорлар эди. Улар гуноҳ қилганларини англасалар-да, буни тан олишни истамайдиган, аксинча Худованд қонунида ёзилганларини бажараётганини пеш қиладиган уламолар ва фарзийлар эди. Орамизда шундайларни ҳозир ҳам кўриш мумкин. Бундайлар гуноҳ ишларни ўзлари ҳам қилиб туриб, шундай ишларни қиладиган оддий одамларни ҳукм қиладилар. Улар қилган ва қилаётган ишлари учун Худо ғазабидан қочиб қутула олмайдилар. Аммо Худо олдига бош эгиб, гуноҳларини тан олиб келган гуноҳкорни Худованд ҳеч қачон кўкрагидан итармайди. Худованд адашганлар ва хато қилганларни кечирувчи марҳаматловчи Илоҳий Зотдир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top