Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугун ҳам Рубен ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. У ҳақида тинглаб, унинг қандай одам бўлгани ҳақида бир тасаввурга келиб оламиз. Бу одамга тасодифан қизиқиб қолдим. Аслида Рубен Муқаддас Каломда жуда ҳам аҳамиятли бир ўринга эга бўлмаган, аниқроғи, Муқаддас Каломдаги кўзга кўринган шахслардан бири эмас, демоқчиман. Бир куни Ибтидо китобини ўқиб туриб, Ëқубнинг ўлимидан олдин ўғилларини марҳаматлаб дуо қилгани ҳақида ўқиб қолдим. Унда шундай сўзлар бор эди: «Келинг, қулоқ солинг, эй, Ëқуб ўғиллари. Эшитинг отангиз Исроилнинг сўзларини. Рубен, сенсан менинг тўнғичим, қувватимнинг илк меваси, ҳам қудратим. Шуҳрату қудратда юксаги сенсан. Лекин денгиз тўлқинидай бетизгинсан. Бундан кейин асло устун бўлмайсан.» (Ибт 49: 1-4).
Narrator 2 Хўш, нега Ëқуб пайғамбар тўнғич ўғли Рубен ҳақида бундай деган?! Ота ўғлини бошқалардан яхшироқ билади. Унинг сўзларига кўра, Рубеннинг кучли, ўз ишида муваффақият қозонадиган аммо жаҳлини босолмайдиган, арзимас нарсага ҳовлиқиб кетадиган одам бўлган бўлса керак. Чунки Ëқуб уни «денгиз тўлқинидай бетизгинсан», дейди. Сўзларини давом эттирар экан, Ëқуб ўғли Рубеннинг ўз ётоғига, хотини Билхахнинг ётоғига кирганини унутмаганини кўрамиз. Ëқуб шудай дейди: «Бундан кейин асло устун бўлмайсан. Отангнинг ётоғига сен кирдинг, тўшагимга чиқиб, уни булғадинг» (Ибт 49.4). Йигитлик чоғида отасига қарши гуноҳ қилиб, отасининг ўрнига биринчиликни истагани учун, балки, Ëқуб ўлимидан олдин ундаги устунликни олиб қўйгандир.
Narrator 1 Аслида ўйлаб қарасангиз ўша пайтда Худованд Ëқубнинг тили орқали ҳар бир ўғилнинг тақдирини айтиб бераётган эди. Шу оятларни ўқиганимдан сўнг, Рубен ҳақида яхшироқ маълумотга эга бўлиш учун Муқаддас Каломни вароқладим. Одатда оталаридан энг яхши дуони тўнғичлар оларди. Отаси ўлганидан кейин мулкнинг энг катта қисми ҳам тўнғичларга қоларди. Умуман Эски Аҳд даврида тўнғичларга катта аҳамият бериларди. Худованд ҳам, Исроил халқига «тўнғичлар меники» деганди. Аммо Рубен ўзининг ўйламай қилган ҳатти-ҳаракати билан отасининг назаридан қолди. Худованд ҳам ундан устунликни олиб қўйди. Рубен отасининг охирги дуосини эшитиш учун турганида, бир умр қилган ҳамма яхши-ю, ёмон ишлари кўз олдига келган бўлса керак. Оқибатда қилган ёмон ишлари кўпроқ торози босди.
Narrator 2 Аммо бир нарсани унутмаслик керак, ҳеч бир киши бутунлай ёмон ёки бутунлай яхши бўлмайди. Ҳар бир инсонда яхши ва ёмон ҳислатлар бўлади. Шунинг учун Рубеннинг яхши ҳислатларига диққат қилсак. Рубен ва қолган укалар бирлашиб, Юсуфни ўлдиришоқчи бўлишганда, Рубен укаларини ўлдирмай, қудуққа ташлаб юборишни маслаҳат берганди. Ичида, кейинроқ келиб қутқариб отам олдига жўнатаман, деб ўйлаган эди. Бир иш билан узоқроққа кетиб қайтиб келганида эса, укалар уни аллақачон Мисрга сотиб юборишган эди. Шунда у: «Юсуф у ерда йўқ! Энди нима қиламан-а! – деб йиғлади.» Шундан унинг бутунлай ёмон одам бўлмаганини биламиз. Бу каби шахслар ҳақида бизнинг www.najot.com сайтимиздан кўпроқ билиб оласиз.