3:26

Худонинг Ўнг Қўли

MP3

«Айтганларимизнинг асосий нуқтаси шуки, бизнинг осмонда, Арши Аълонинг ўнг томонида ўтирган Олийруҳониймиз Исо бор. Ўша ерда У инсон эмас, Худованд қурган ҳақиқий Чодирда хизмат қилади.» Ибронийларга 8:1-2

Хонадонингизда Худонинг тинчлиги бўлсин биродарлар. Бугунги суҳбатимиз Худонинг ўнг қўли ҳақида. Худонинг ўнг қўли ҳақида чуқурроқ маълумотга эга бўлишдан олдин, Муқаддас Каломдаги Олийруҳониймиз ҳақида билиб олсак. Олийруҳониймиз ҳақида билиш учун Ибронийларга мактуб 7 боб 23 дан 28 оятларгача ўқиб олсак: “Оддий руҳонийларнинг сони кўп эди, чунки ўлим уларнинг боқий қолишларига монелик қилар эди. Аммо Исо боқий қолганлиги учун, ўтиб кетмайдиган руҳонийликка моликдир”.

Шунинг учун Исо Ўзи орқали Худога яқинлашувчиларга нажот беришга бутунлай қодир, У ҳар доим барҳаёт бўлиб, уларга шафоат қилади. Чиндан, бизларга худди Исо каби олийруҳоний керак: У муқаддас, айбсиз, нуқсонсиз, гуноҳкорлардан ҳоли, осмондан юқорига кўтарилган. У бошқа олийруҳонийлар каби ҳар кун олдин ўз гуноҳлари учун, кейин халқнинг гуноҳлари учун қурбонлик келтириши керак эмас. Чунки Ўзини Ўзи қурбон қилганда, буни бир мартада қилиб бўлди.» Бизларга худди шундай руҳоний керак. Биринчи бўлиб руҳонийликка тайинланган Хорун, қонун бўйича ўз вазифасини бажарган, ҳеч қачон қурбонлик қилишни канда қилмаган, бироқ гуноҳкорларнинг муҳтожлигини қондирмаган. У ўзи гуноҳкор бўлгани ҳолда бошқаларни солиҳ қила олмас эди.

Аммо бизнинг руҳониймиз Арши Аълода Худонинг Ўнг томонида ўтирибди. У нима учун Худонинг ўнг томонида ўтирибди? Худонинг ўнг қўлидан Унинг мислсиз қудрати чиқади. Муқаддас Каломда Худонинг ўнг қўли билан боғлиқ бир нечта ҳақиқатлар бор. Ана шу ҳақиқатлар Исо Масиҳда тўлиқ бажо келди. Масиҳ Худонинг нажот берувчи ўнг қўлидир. Масиҳ бизни тутиб туради. Чунки Унинг Ўзи: «Менинг қўлимдан сизларни ҳеч ким тортиб ололмайди» деган. Бизни Худонинг муқаддас тоғи томон етаклайдиган ҳам Масиҳдир. Унинг қони орқали биз ваъда қилинган ерга кириб бора оламиз. Исони тирилтириш билан Худованд Ўзининг қудратини кўрсатди. Шунинг учун ҳам биз умримизнинг охиригача Худонинг ўнг томонида ўтирган Зотни унутмаслигимиз лозим.

Ибронийлар 8 боб 1 оятда Худо сўзи ўрнига «Арши Аъло» сўзи ишлатилган. Грек тилида эса буни ‘megalosune’ дейишади. ‘mega’ катта деган маънони англатади. ‘losune’ эса буюклиги деган маънони билдиради. Исо Масий бизнинг Олийруҳониймиз бўлгани ҳолда Худонинг ўнг томонида ўтириб, инсон қўллари билан қурилмаган самовий маъбадда хизмат қилади. Эски Аҳд даври ўтиб кетди. Энди Худованд ўз қонунларини бизнинг қалбимизга ва онгимизга ёзиб қўяди, Ўзининг кимлигини ҳаммага билдиради, ва энг муҳими гуноҳларимизни бошқа эсга келтирмайди. Янги Аҳд билан бирга Худованд бизга яхшироқ ваъдаларни ҳам беради. Бу ваъдалар эса худди «ҳа» дейилганидек амалга ошади. Худонинг «Ҳа» си эса Раббимиз Исо Масиҳдир. Бу ҳақида ҳали суҳбатимизни давом эттирамиз. Бироқ бугунга шунинг ўзи етарли. Азизлар сизни Худо ҳақидаги маълумотлар қизиқтирса бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўринг. Бизнинг сайтимиздан кўнглингиз тўлишига аминмиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top