3:11

Одам ажрата оласизми?

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. «Аслинг қандай бўлса, шундай кўрин, қандай кўринсанг, шундай бўл», деган ажойиб ҳикмат бор. Ҳақиқатан одам ўзлигидан ажраган, «мен»ини йўқотган куни инсонлигидан ҳам мосуво бўлади. Бировга тақлид қилиб яшаган, бировга ёқиш учун феъл-атворини батамом ўзгартиришга уринадиган, кўнглидаги гапни айтолмай тилёғламалик ёки иккиюзламачилик қиладиган одамларга ҳаётда жуда қийин бўлади.

Аммо инсонлар билан муомала-муносабатларда «менинг бўлганим шу, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам  кирдикорларимга, хурмача қилиқларимга чидайсан» қабилида йўл тутиш доимий келишмовчиликларга, ғижиллашишларга, хусуматларга ва бир-биридан кўнгил қолишларга олиб боради. Истайсизми-йўқми, феъл-атворингиздаги қусурларни тарбиялаш, табиатингиздаги хоҳиш-истак ва туғма майлларни вақтинча «ухлатиб туришга» тўғри келади. 

Narrator 2 Гоҳо муроса учун қалбингизга қарши борасиз, виждон буюрганидан бироз чекинасиз, табиатингиздаги қайсарлик оловларини ўчирасиз. Акс ҳолда ҳеч ким билан муроса қилолмайдиган, келиша олмайдиган киши сифатида одамларга ёқмай қоласиз, сиз билан ҳеч ким муносабат қилмай қўяди ва бора-бора жамиятдан ажрайсиз. 
Кишилар жиддий ишларда ўзларини муносиб тутганлари ҳолда, майда ишларда асл қиёфаларини билдириб қўйишади. Атоқли воиз Ситсероннинг ажойиб гапи бор: «Доноларнинг иши ақл билан, фаҳмсизроқ кишиларники – тажриба билан, ғирт нодон одамларники –зарурат билан, ҳайвоннинг ҳатти-ҳаракати табиатан қилинади». 
Кўйлак танани кўрсатганидек, қилиқлар ҳам кишининг феъл-атворидан дарак беради.

Narrator 1 Бир файласуф ёзганидай, «Энг кичик, энг арзимас, энг сезилмас ишимизда ҳам бизнинг бутун табиатимиз, хулқимиз кўринади. Аҳмоқнинг кириб-чиқиши ҳам, ўтириб-туриши ҳам, сукут сақлаши ҳам, ҳаракатлари ҳам ҳеч қачон ақлли кишиникига ўхшамайди».

Мижоз, яъни руҳий феъл-атвор инсонларда тўрт хил бўлади. Яъни одамлар табиатига кўра қизиққон (холерик), хушчақчақ (сангвиник), оғир-вазмин (флегматик), ғамгин (меланхолик) бўлади. Лекин баъзи одамлар буларнинг бирортасига ҳам тушмайди, уларда ана мижозларнинг ҳаммасидаги кўринишлардан бир улушдан бўлиши мумкин. Кишининг мижози унинг ҳатти-ҳаракатлари ва қилиқлари, имо-ишораси, ўзини тутиши, табиатининг ўта вазмин, босиқ ёки қизиққон бўлиши каби ҳолатларда намоён бўлади. Зукко ва кузатувчан кишилар юқоридаги феъл-атворли инсонлар билан қандай муомала қилишни тезда билиб олади.

Narrator 2 Айтайлик, сиз яратилишингизга кўра, ўта бетоқат, бесаранжом, шошқалоқ, ҳамма нарсага тез киришиб, тез совуйдиган, бетгачопар ва серҳаракат одамсиз. Сиз билан битта хонада ишлайдиган ҳамкасбингиз ёки бирга йўлга чиққан сафардошингиз вазмин, бир гапини мулоҳаза билан айтадиган, ҳар бир қадамини ўйлаб босадиган сокин ва эҳтиёткор киши. Унга унинг феълига қараб муомала қилмасангиз, ёки унинг бу феъл-атвори устидан куладиган бўлсангиз, биринчи кунларданоқ ораларингда чоҳ пайдо бўлади. Агар ўз билганингиздан қолмай шундай тарзда давом этаверсангиз, тез орада душманлик даражасигача етишингиз мумкин.

Сиз эса аксинча, унга ҳурмат билан муносабатда бўлинг. Шунда сиз ҳам ҳурматга сазовор бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top