3:22

Мўмиёланган жасадлар топилди

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчи дўстлар. Бугунги суҳбатимиз жуда қизиқ. 1800 йилларда археологлар ва тарихчи олимлар Миср маданиятига фиръавнлар хумронлиги даврига қизиқиб қолишди. Кўпчилик Мисрга илмий экспедицияга келиб, қадимги миср ҳақида кўпгина маълумотларга эга бўла бошладилар. Улар тинмай Миср эҳромларини, қадимги миср маданиятини, эътиқодини, яшаш тарзини ўрганиб, анча-мунча қимматбаҳо маълумотларга эга бўлишди. Археологлар ҳам бўш ўтиришгани йўқ. Улар ҳам миср эҳромлари атрофидаги қишлоқлардан анчагина тарихий анжомларни қўлга киритдилар. Буларнинг бари археолог ва олимларни яна ҳам қизиқтириб қўйди. Уларнинг ишлари натижасида дунё қадимги Миср ҳақида анча-мунча маълумотга эга бўлди.

1871 йилда қизиқ бир воқеа юз берганини биласизми. Бироқ бу воқеадан ўн йил ичида ҳеч бир тарихчи олим ҳам, археолог ҳам боҳабар бўлмаган. Бу бир арабнинг ҳикояси. У арабнинг ким бўлгани бизга маълум эмас. Балки у чўпон бўлгандир, ёки мисрга археологлар ва тарихчи олимларнинг хужумидан кейин қадимги бойликларни топиш илинжида юрган сайёқлардан бири бўлгандир. Ким бўлган тақдирда ҳам, чиқиш ҳаддан ташқари хавфли бўлган бир чўққи яқинидаги ғордан 40дан зиёд мўмиёланган жасадларни топиб олади. Бу чўққи Тебес деган жойга яқин эди. Қадимги мисрликларнинг ўликларни мўмиёлаш одати ёдингиздами? Улар ҳар бир зодагон мисрликни ўлганидан кейин, анча мунча бойликлар билан бирга кўмишарди. Энди 40дан зиёд мўмиёланган жасадларнинг бир жойда бойликларга кўмилган ҳолда тасаввур қилиб кўринг-чи!

Жуда қизиқ ҳикоя экан-ку! Бироқ бу бўлган воқеа. 1882 йилларда археологлар ва олимлар Тебес атрофида тез-тез қадимги шоҳларга тегишли бўлиши мумкин бўлган, қимматбаҳо жиҳозларнинг пайдо бўлаётганини сезиб қолишади. Чунки ўша араб, бу бойликларни битталаб, жуда эҳтиётлик билан келган сайёҳларга мўмай пул эвазига сотиб юбораётган эди. Чет элдан келган археологлар ва олимлар сафига Қоҳира музейи ҳодимлари ҳам қўшилишди. Улар бир бўлиб Тебес атрофидаги бозорларни, одамлар гавжум бўлган ва сайёҳлар нарса сотиб олиши мумкин бўлган жойларни эҳтиёткорлик билан кузата бошлашди. Узоқ вақт бу қимматбаҳо бойликларнинг манбаи қаерда эканини билолмадилар.

Ниҳоят археологлардан бири оддий сайёҳ сифатида Тебес атрофидаги бозорларда пайдо бўлди. Ўзини худди қимматбаҳо нарсалар сотиб оладигандай тутди. Шу йўл билан улар мўмиёланган жасадлар топиб олган арабни қўлга туширишди. Бироқ ундан гап олиш осон бўлмади. Охири уни қўрқитиб ва калтаклабгина ниятларига етишди. Археологлар ва олимлар мўмиёланган жасадлар сақланадиган ғорга келишди. У ерда шоҳларга тегишли бўлган, қимматбаҳо жиҳозлар, олтин пластинкага ўйиб ёзилган тарихий маълумотлар, кундалик уй жиҳозлари ҳали анчагина эди. Маълум бўлишича араб бу жойни ўн йил олдин топган ва шу пайтгача жуда эҳтиётлик билан ҳеч кимга билдирмай ўз манфаати йўлида фойдаланаётган экан. Жасадлар ва уларга тегишли бўлган қимматбаҳо анжомлар Қоҳира музейига топширилди. Шу топилмалар орқали олимлар қадимги миср ҳақида яна кўплаб маълумотларга эга бўлишди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top