Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Аввалги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, инсон ўзида борини Худовандга топширишни ўрганиши. фақат ўзида борига шишиниб ўзига бино қўймасдан Худовадга юзланиши кераклигини ўрганган эдик. Бугунги эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлган бева аёлдан фарқли ўлароқ, Исо Масиҳнинг маталида айтилган аёл анча ақлли иш қилган. Келинг, унинг ақлли иши қандай бўлганини кўриб чиқамиз. Калом шундай дейди: «Исо маъбад хазинаси қаршисиа ўтириб халқнинг садақа қутисига қандай пул солаётганига қараб турар эди. Бир тўда бойлар анчагина пул ташладилар. Бир камбағал бева аёл ҳам келиб икки чақа ташлади. Шунда Исо шогирдларини ёнига чақириб деди: «Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева аёл қутига пул ташлаганларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ ташлади. Чунки бошқаларнинг барчаси ўзларининг ортиқча пулларидан ташладилар. Аммо бу аёл ўзининг тирикчилик ташвишларига қарамасдан, бор йўғини ташлади.
Narrator 2 Бу аёлнинг ҳаёти қандай бўлганини Исо Масиҳнинг сўзларидан тахмин қиламиз. У камбағал бева ва зўрға ҳаёт кечираётган аёл бўлган. Бу аёлнинг болалари ҳам бўлган бўлиши керак. У бир қўл учида кун кечирадиган бўлганига қарамай, қалбидаги Худовандга бўлган ишонч уни шу охирги икки чақасини ҳам ташлашга ундади. Ҳаётдаги ташвишлари, кундалик эҳтиёжларининг кўплигига қарамай, ўша чақаларни ташлаш учун унинг юрагида «Худованд менинг эртам учун қайғуради», деган буюк ишонч бўлиши керак. Тахминимизча, унда шундай ишонч бўлган. Бу бечора аёл ўша чақаларга нон олиш ўрнига Худога қайтариб берди. Исо Масиҳниг маталидаги бой қандай иш тутган эди? У бой бойлигини ўзига тўплаб бойлигини сарфлаш ҳақида ўзича режалар тузган эди.
Narrator 1 Агар ўша ҳолат бугунги кунга айланиб қолганида эди молиявий маслаҳатчилар пулини кўпайириш учун банкка қўйган кишиларни мақтаган, охирги пулини Худовандга қурбонлик қилганни эса ахмоққа чиқарган бўлишарди. Бироқ Исо Масиҳ бу масалага Худонинг кўзи билан қаради. Ҳаддан ташқари пулга ружу қўйган, ҳаётини пул билан мустаҳкамламоқчи бўлганларни оқламади. Бизнинг келажагимизнинг мустаҳкамлиги, гуллаб яшнаши ва бахтли бўлишимиз пулга боғлиқми? Орамизда «Ҳа», дейдиганлар ҳам топилади. Бироқ келажагини пулга боғлайдиганлар худди ўша маталдаги ахмоқ бойга ўхшаб қолишади. Чунки Худованд билан маслаҳтлашилмаган, инсон фикри билан қилинган режа эртага барбод бўлиши мумкин. Ўшанда пул уларни қутқариб қола олармикан?
Narrator 2 Бева аёлнинг мисолида Исо Масиҳ бизга қўлимизда борини Худонинг олдига олиб келиб, ҳаётимизни маблағимизни Унинг ихтиёрига топширишни ўргатмоқчи. Ўшанда бева аёл ўзида борини Худога берган экан, ишончим комилки, Худованд унинг ишончига яраша ўн баробар кўпроқ марҳаматлаган. Ўша аёлдек иш тутиш учун киши жуда ҳам кучли имонга эга блиши керак. Кучли имонга эга бўлган киши ҳар қандай ишларни қила олади. Бошқаларнинг кўзида ахмоқликдай кўринган бўлса ҳам Исо Масиҳ эътироф этганидай, у аёл ўта ақлли иш қилди. Сиз ҳам шундай қилиб кўринг. Имонингиз қай даражада кучли эканини синаб кўринг. Худованд олдига маблағингизни келтириб, ибодатда бу пул учун Унинг иродасини сўранг ва кутинг, У нима деркин! У сиздан пулингизии олиб қўймайди. Унга пулингиз эмас қалбингиз керак. У ҳамма нарсангизни, ҳатто маблағингизни ҳам Унга топширишингизни истайди.