Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳар қандай оптимист инсон ҳам ўлим хавфи олдида қўқувга тушади ўзини йўқотиб қўяди. Бир чўпон жамоатдаги ҳар қандай тушкунликка, оғир ахволга тушиб қолган биродарга ҳам тасалли бера оларди. Бироқ бир куни ўз укасининг мотам маросимида яқинларига ҳеч қандай далда бера олмади. Инсон ўлимни охирги манзил деб хисоблайди. Ўлим инсоннинг энг даҳшатли якуни. Шунинг учун ҳам деярли ҳар бир инсон ўлимдан қўрқади. Бироқ Исо Масиҳ ўз шогирдларига ўлим ҳақида бошқача тасаввур берди. У ҳали Ўзининг нима учун келганини яхши тушуниб етмаган шогирдларига шундай деди: «Юрагингиз ғаш бўлмасин. Худога ишонинг, Менга ҳам ишонингиз! Отамнинг уйида маскан кўп. Шундай бўлмаса эди, Мен сизларга жой тайёрлагани кетяпман, деб айтармидим? Мана, Мен бориб, сизларга жой тайёрлайман-у, яна келиб, Мен бўлган жойда бўлишингиз учун сизларни олдимга олиб кетаман.
Narrator 2 Мен борадиган жойни сизлар биласизлар, йўлни ҳам биласизлар.» Исо Масиҳ замонидаги Саддуқийлар учун ўлим бу даҳшатлар ва йўқ бўлиб кетиш манзили эди. Бироқ Исо Масиҳ Унга ишонганлар абадий ҳаётга эга бўлишини, бу дунёни тарк этганларидан кейин ҳам бошқа илоҳий танага эга бўлиб, Осмон Шоҳлигида Худованд ҳузурида яшашни давом эттиришлари ҳақида айтди. Исо ўргатганидек, ердаги ҳаётнинг тугаши — Осмондаги ҳаётнинг бошланишидир. Бир ҳаётдан бошқа бир ҳаётга ўтишдир. Қийинидан яхшироғига. Шунинг учун ҳам Исо Масиҳ шогирдларига «Мен сизларга жой тайёрлагани кетаяпман», дейди. У шогирдларини ҳам ўша абадий масканда Ўзи билан бирга бўлишларини истаган. Исо шундай дегач, ҳали Исо Масиҳнинг нима ҳақида гапираётганини яхши тушуниб етмаган, руҳан камолга етмаган шогирдлардан бири Фома сўради.
Narrator 1 «Раббим! деди Унга Фома. Қаерга боришингни билмаймиз-ку йўлни қандай била оламиз?». Улар Исо Масиҳни тезда бу дунёдан кетишига тайёр эмасдилар. Раббий келди, энди Римлик ҳукмронлигини ағдаради, мамлакатдаги қулликни йўқотади қийинчиликларимиз арийди. Чиндан ҳам озод мамлакат бўламиз, деб ўйлар ва шунга кўра режалар тузарди. Бироқ ҳаёт билганингиздай биз кутгандек бўлмайди. Қанийди ҳаётни ҳам худди кофени буюртма қилиб тайёрлагандек буюртма қилиб бўлса! «Менга кофеинсиз кўпроқ хурсандчилик қаймоғидан қўшиб тайёрланг. Илтимос солиқлардан қўшманг.» Бироқ ҳаёт биз кутмаган кўнгилсиз тасодифларга тўла. Худованд белгилаганидек ҳар нарсанинг ўз вақти бор.
Narrator 2 «Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор. Туғилишнинг ҳам ўлишнинг ҳам ўз вақти бор. Экишнинг ҳам экилганни ўришнинг ҳам ўз вақти бор. Ўлдиришнинг ҳам шифо беришнинг ҳам ўз вақти бор. Бузишнинг ҳам қуришнинг ҳам ўз вақти бор. Йиғлашнинг ҳам кулишнинг ҳам ўз вақти бор. . . . Қидиришнинг ҳам йўқотишнинг ҳам ўз вақти бор. . . . Сукут сақлашнинг ҳам сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор. » (Воиз 3: 1 7) Исо Масиҳ Ўз ўлими ҳақида қайта қайта айтар экан, шогирдлар буни эшитишни исташмасди. Нега У бундай совуқ гапларни айтаётир. Ахир У Масиҳ, ҳар нарсага қодир-ку! Нега ўлиши керак? Масиҳ ўлим ҳақида айтар экан, шогирдларнинг юрагига қўрқув тушарди. Буни яхши билган Масиҳ уларга шундай деди: «Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади. Юрагингиз сиқилмасин Менга ишонинг».