2:54

Икки ҳисса кўпроқ Муқаддас Руҳ

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Кимдир бирор улушдан фақат ўзига ярашасини олганида, бошқа биров икки ҳисса кўпроқ олса, ҳамманинг оғзида шу гап бўлади. Икки ҳисса кўпроқ олиш бу барака ва марҳаматдир. Агар ўша нарсадан икки ҳисса олган бўлса, демак инсон ўша нарсага лойиқ экан. Ўша берган кишининг ҳурматини ва эътиборини қозонибди. Бугун биз қадимда яшаб ўтган бошқа пайғамбарлардан кўра икки ҳисса кўпроқ Муқаддас Руҳга эга бўлган пайғамбар Элиша ҳақида суҳбатлашамиз. У қандай қилиб икки ҳисса кўпроқ Муқаддас Руҳга эга бўлган? У шунга муносиб инсонмиди? Буни суҳбатимиз давомида билиб оласизлар. Хуллас, Муқаддас Каломни варақласангиз, Исроил халқи тарихида иккита бир-бирига ўхшаш эгизак пайғамбарларни учратасиз.

Narrator 2 Улар Илёс ва Элиша. Уларнинг исмлари ҳам Иброний тилида бир бирига ўхшаб кетади. Исмларидан ташқари ҳаётлари даврида қилган ишлари, бошидан кечирган воқеалари ҳам бир-бирига ўхшайди. Аслида Элиша Илёс пайғамбарнинг шогирди бўлган. Уларнинг иккаласи ҳам Иордан дарёсига таёқ билан уриб, сувларни икки томонга очган ва қуруқ ердан ўтган. Қурғоқчилик пайтида эса ибодат қилиб ёмғир ёғдирган. Илёс ҳам Элиша ҳам бева ва ночорликда қолган аёлнинг уйидаги бор бисотини кўпайтирган. Оилада ягона бўлган ўғилни ўлимдан тирилтирган. Исроил чегараларидан ташқарида одамларга мўъжизалар кўрсатган. Худога итоатсизлик қилиб, бутларга сиғинаётган имонсиз халқ устига фалокат юборишини сўраб Худога илтижо қилган.

Narrator 1 Мана, кўриб турибсизки, уларнинг ҳаётларида бир-бирига ўхшаш ишлар жуда кўп. Улар бир хил иш қилган бўлсаларда, воқеалар турли жойларда ва турли инсонлар билан бўлиб ўтган. Энг муҳими турли замонларда. Чунки Элиша устозининг ишларини такрорлаганида, устози Илёс аллақачон самога олинган эди. Ундан ташқари бу икки инсоннинг характери бутунлай бир-бириникига ўхшамаган. Устозининг ердаги охирги соатлари ва дақиқаларини ҳам у билан бирга ўтказишни истаб, ҳеч ҳам ундан айрилмаган. Устози кетишидан олдин ундан сўради: «Кетишимдан олдин сенга қандай яхшилик қилай?» «Сизда бор руҳдан менда икки ҳисса кўпроқ бўлсин». Жуда ҳам ботирлик билан қилинган илтимос. Икки ҳисса руҳга эга бўлган инсон, икки ҳисса кўпроқ жавобгарликни ҳам ҳис қилиши керак.

Narrator 2 Устози Илёс шундай деди: «Жуда ҳам мураккаб нарсани сўрадинг, аммо мени олиб кетишаётганида, кўриб қола олсанг, ўша руҳга эга бўласан, акс ҳолда йўқ.» Шундай шартдан кейин, биз ҳам ўта хушёр ва синчков бўлган бўлардик. Элиша эса устозининг ортидан қолмади. Ундан кўзини узмади. У жуда ҳам қатъиятли ва ҳаракатчан пайғамбар бўлганини шундан ҳам кўришимиз мумкин. Улар иккиси ҳам суҳбатлашиб кетишаётганида, отлар қўшилган оловли арава пайдо бўлди-да Илёсни чархпалак қилиб, самога олиб кетди. Элиша эса буни кўриб бақирди: «Ота, Ота, Исроилнинг отлиқлари ва араваларини кўрдим». Шундан сўнг Элиша устозини бошқа кўрмади. Бироқ устозида бор бўлган руҳдан икки марта кўпроғига эришди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top