3:48

Руҳий ғалаба 294

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи, азиз мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан бағоят хурсандмиз. Жинлар турли йўллар билан имонлини унинг Раббимизга хос соддалигидан маҳрум қилиши мумкин. Ёқуб китобининг 3 боби 15 оятида ёзилишича, дунёга хос донолик жин-ажинадан бўлиб, ҳасадгўйлик ва худбинликка олиб келади. Ўй-фикрларни тўла-тўкис Исо Масиҳга бўйсундириш билан жинларнинг онгимизга ўтказадиган таъсиридан ҳалос бўлишимиз мумкин.

Иккинчи Коринфликларга мактубининг 10 боби 5 оятидан шу ҳақида билиб олишингиз мумкин, азиз радио тингловчи биродарлар. Шунга ўхшаш амр Филиппиликларга мактубининг 4 боби 6 ва 8 оятларида ҳам берилган. Имонли киши ҳар бир тилагини ибодат ва илтижолар билан Худога ишониб топширса ва ҳақиқий, мўътабар, тўғри ва соф нарсалар ҳақида фикр қилса, унинг ақл-идроки ҳамиша ҳимоя остида бўлади. Учинчидан, жинлар одамни алдай оладилар. Ҳаворий Павлус Салоникадаги ёш имонлилар жамоати ҳақида жуда кўп қайғурган.

Павлус қайғу ва қувғинликлар таъсирида иблис имонлилар жамоатини йўлдан оздиришидан қўрқарди. Салоникаликлар Хушхабарни қувонч билан қабул қилган бўлсалар ҳам, уларнинг имон-эътиқодлари шайтоннинг ҳужумлари таъсирида нотўғри йўналиш олиши мумкин эди. Иблис ўзига хизмат қиладиганлар орқали ҳам имонлиларни чалғитиши мумкин. Ҳаворий Павлус “Фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким… руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда амал қилмоқда”, деб айтиб ўтган эди Эфесликларга мактубининг 2 боби 2 оятида.

Контекстга эътибор берадиган бўлсак, шайтон ўз ақл-идроки ҳамда танасининг хоҳиш-эҳтиросларига бўйсуниб яшайдиган имонсизларни осонгина алдашини билиб оламиз. Матто Хушхабар китобининг13 боби 19 оятида эса шайтоннинг ёлғонлари ҳақида қўшимча қилиб, имонсизлар Худо Каломини эшитаётганларида шайтон уларнинг юрагидан Каломни ўғирлаб кетади ва ҳақиқатни тушунишларига тўсқинлик қилади, деб айтади.Тўртинчидан, жинлар халқларни ҳам алдайдилар. Улар охирзамонда Раббимиз Исога қарши исён кўтариш учун дунёдаги халқларни бир жойга тўплайдилар.

Қайтиб келган Ҳазрати Исога қарши урушга одамларни тўплаш учун “ажойиботлар яратиб”, уларни алдайдилар. Бу жанг ҳақида эса Ваҳий китобининг16 боби 14 оятидан билиб олиш мумкин. Жинларнинг халқаро ишларга ҳам алоқаси бор. Дониёр китобининг 10 боби 13 оятида “Форс шоҳлигини ҳимоя қилувчи” жин ҳақида айтиб ўтилади. Бу “ҳимоячи” Дониёр пайғамбарга хабар олиб келмоқчи бўлган Жаброил фаришта билан йигирма бир кун давомида курашган руҳдир. Бу “ҳимоячи” билан бўлган жангда Жаброил фариштага Микойил фаришта ҳам ёрдам беради. Азиз биродарлар, жинлар ва иблис билан бўладиган ҳар қандай жангда Худованд албатта биз томонда бўлади. Солиҳ киши эса, албатта, жангда ғолиб бўлишига ишонамиз. Шунинг билан азизлар, бизнинг мавзумиз охирига етди. Бизнинг интернетдаги сайтимиз манзили эса: www.najot.com Хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top