3:25

Худонинг сўзи 211

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Азизлар, яна сизлар билан радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, ер юзида яшаётган инсонларнинг барчаси “жаннат” ҳамда “дўзах” сўзларини эшитган бўлишига менда асло шубҳа йўқ. Муқаддас китобнинг таъкидлашича, инсоннинг жони бориши мумкин бўлган фақат икки жой мавжуд: дўзах ва жаннат. Ўлган одамлар шундайича қоладилар ва “ўлимидан сўнг ҳеч нарса йўқ” деган фикр Муқаддас китобга зид тушунчадир.

Чунки инсоннинг ўлимидан сўнг энг асосийси бошланади. Худованднинг абадий ҳаёти кимларгадир насиб бўлса, яна кимлардир абадий дўзах деган жойга юборилади. Муқаддас китоб инсоннинг мангу қисмати ҳақида аниқ маълумот беради. Яратувчи ер ва осмонни ҳеч бир маъно ва мақсадсиз яратган деб ўйлашга журъат эта оласизми? Инсон абадий ҳаёт учун яратилган ва ер юзидаги ҳаётимиздан сўнг ҳам ҳаёт давом этади.

Аммо бу ҳаёт қандай бўлади? Биз биламизки, ҳосил экилган уруққа боғлиқ. Хеч бир деҳқон ерга картошка экиб, вақти-соати келганда у ердан сабзи ҳосилини йиғиб оламан деб умид қилмаса керак. Йўқ, албатта! Табиат қонуни шундай, ҳатто бизнинг ўзбек халқимиз орасида жуда кўп ишлатиладиган мақол бор. Кўпинча бундай мақол бошқа мақсадларда ҳам ишлатилади: “Нима эксанг, шуни ўрасан”- деб айтади доно халқимиз. Ўйлайманки, бундай мақол бошқа барча халқларда ҳам мавжуд бўлса керак. Худонинг қонуни ҳам худди шундай: “Адашманглар, Худо ҳақоратланмайди.

Инсон нима экса, шуни ўради” — деб ёзилган Галатияликларга мактубнинг 6 боби 7 оятида. Абадий ҳаётга эришиш ёки дўзахга бориш қарори ер юзида қабул қилинади. Ушбу қисқа ва кўп жиҳатдан бахтсиз турмушимиз биз учун уруғ сепиш вақтини билдиради, азиз радио тингловчи биродарлар. Қандай уруғ сепилса, шундай ҳосил йиғилади. Шунинг учун азиз биродарлар, ҳозирдан яхши ва сифатли уруғ сепиб, яхши ҳосил кўтаришга ҳаракат қилиш лозим. Раббимиз Исо Масиҳ кўпинча инсониятнинг ушбу икки қисмати ҳақида гапирган.

Инсон вафотидан сўнг унинг жони борадиган фақатгина икки жой бор, деб таъкидлаган эди У. Инсон жонининг бориши муқаррар бўлган икки манзил айнан жаннат ва дўзаҳдир. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар бир масиҳий биродар қачонлардир Худованднинг олдида ўз гуноҳлари учун тавба қилиб кечирим олган. Энди ташланадиган қадам эса, гуноҳсиз ҳаёт кечириб, Худовандга муносиб фарзандларча ҳаёт кечиришдир. Худованд ҳар бир тавба қилган инсоннинг исмини Ўзининг абадий ҳаёт китобига ёзиб қўйган. Шу абадий ҳаёт китобидан исмимиз учирилиб кетмаслиги учун Худовандга муносиб фарзанд бўлайлик. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз поёнига етди. Сиз азизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top