Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар, сиз азизлар билан яна радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннадормиз. Азизлар, барчангизнинг оилангизга тинчлик-омонлик тилаган ҳолда, бугунги мавзумизни бошлаймиз. Марҳамат, тингланг. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, каломни ўрганишни бошлаганиннгизда, аввало каломни ибодат қилиб ўқиб чиқиш лозимлигини яхши биласиз. Шундан сўнг баъзи саволларга жавоб топишни бошлаш керак. Биринчи қиладиган ишингиз, яширин маъноси бўлса керак деб, бошқа маъноларни изламанг.
Каломда ёзилганидек аниқ, тушунарли бўлган маъносини тушунишга ҳаракат қилинг. Бу китоб афсонавий воқеа ёки инсонлар ҳақида ёзилмаган. Аксинча, улар бор бўлган одамлар ва бўлган воқеалар ҳақида ёзилган. Масалан, Колосаликларга мактуби тарихий шахс томонидан тарихий шахсларга ёзилган. Худди ҳозирги пайтда одамлар бир-бирига хат ёзганидек, шу даврдаги инсонлар ҳам бир-бирига хатлар ёзиб турган эдилар. Колосаликларга мактубини ўрганишни бошлаганингизда, мактубнинг умумий мазмунини тушунишга ҳаракат қилинг.
Шундан сўнг мактубдаги ҳар бир парчани алоҳида ўрганишга ва ҳар бир парчани яхшироқ тушунишга ҳаракат қилинг. Колосаликларга мактубдаги бу оятларда муаллиф ўзининг кириш сўзни ёзган. Шу сабабдан уларни битта парча сифатида олиш мумкин. Аввало каломни ўқиб чиққандан сўнг яхшилаб кузатиш керак. Кузатиш нимадан иборат бўлиши мумкин? Кузатиш бу синчиклаб ўқишдир. Бу ерда нима дейилган? Бу ерда қайси сўз ва жумлалар ёзилган? Улар гапда қандай келган? Аввал парчани тўлиқ ўқиб-чиқиб, унинг асосий мазмунини тушуниб олайлик.
Шундан сўнг «парчада нималар очиқ-ойдин, тушунарли қилиб ёзилган»? -деб ўзингиздан сўранг. Парчада такроран келган сўзлар ёки ибораларни изланг. Такроран учрайдиган ғоялар ёки фикрларни изланг. Эсингиздами? Тез-тез такрорланиб келган сўзлар ёки иборалар кўпинча шу парчанинг нима ҳақида эканлигини, яъни парчанинг мавзусини белгилаб беради. Агар бирорта мавзу мактубдаги бошқа парчаларда ҳам тез-тез такрорланса, кўпинча мактубнинг умумий мавзуси айнан шу мавзу бўлиб чиқади. Парчада такроран келган сўзлар ёки иборалар, такроран учрайдиган ғоялар ёки фикрлар борми?
Нималар такрорланиб келган? Демак, биз сўзларнинггина такрорланишига эмас, балки ғоянинг ҳар хил сўзлар кўринишида такрорланишига ҳам эътибор беришимиз керак. Парчада тушунарсиз сўзларни учратдингизми? Бу сўзларнинг маъносини контекстга қараб туриб тушиниш мумкинми? Контекстга қаранг. Мана шу сўзнинг маъносини нима деб ўйлайсиз? Шунда ҳам тажрибангиз етишмаса, ўзингиздан кўра тажрибалироқ биродарларга мурожаат қилиб, барча саволларингизга жавоб олиш мумкин. Энг муҳими, доимо тўғри жавоб излашга ҳаракат қилинг. Олган жавобларингизни яна текшириб кўришдан асло эринманг. Шунинг билан азиз биродарлар, мавзумизга якун ясамоқчиман. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com Ҳозирча хайр саломат бўлинг.