3:30

Руҳий ғалаба 302

MP3

Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Эфирда сиз азизлар учун бериб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Оилангизга ва шахсий ҳаётингизга тинчлик тилаган ҳолда бугунги эшиттиришимизни бошламоқчиман. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, фараз қилайлик, биз руҳий жанг олиб бориш учун тўлиқ тайёрмиз ва барча қурол-аслаҳалар билан қуролланганмиз. Лекин ҳаворий Павлус 1 Коринфияликларга мактубининг 16 боби 14 ояти орқали бизга шундай деб айтади: “Ҳамма ишларингизни меҳр-мухаббат билан бажо келтиринглар”.

Азиз биродарлар, ҳаворий Павлуснинг ушбу айтганлари ҳар биримизни жанг қилишдан олдин бироз ўйлантириб қўяди. Руҳий жангда ғалаба келиши учун Худованднинг ҳар бир айтганларига амал қилиш лозим. Шу жумладан севги билан ҳам. Агар инсонда ҳаддан зиёд севги бўлса-ю, лекин Худованд каломидан олган билимимиз кам бўлса, бу ҳам етарли эмас. Агарда ушбу айтганларимизнинг акси бўлса-чи, унда инсон ҳаддан зиёд қўполлашиб кетиши муқаррар. Севги билан жанг қилиш деганда, бир нарсани биз тўғри тушуниб олишга ҳаракат қилишимиз керак. Кўпчилигимиз жанг деган сўзни эшитишимиз биланоқ, кўз олдимизга қурол- яроқлар, бир-бирини ўлдираётган инсонлар келиши мумкин.

Руҳий жанг асло бундай эмас, азизлар. Айтайлик, сиз бирор корхонада ишлайсиз. Ён атрофингиздаги инсонларнинг барчаси ҳали Худованд олдида тавба қилиб кечирим олмаган инсонлар. Албатта, улар сизнинг кимлигингиздан хабар топишса, устингиздан кулиб, камситишни бошлайди. Ҳаттоки корхона бошлиғи сизга, агар ушбу имонингдан юз ўгирмасанг сени ишдан ҳайдайман, деб шарт қўйиши ҳам мумкин. Мана шундан кейин Худонинг фарзанди ва шайтон орасида руҳий жанг бошланади. Албатта, сиз улар билан жанг қилиб, аччиқланиб, жаҳл билан ишдан ўз хоҳишингиз билан кетишингиз мумкин. Ёки аксинча юқорида айтганимиздек, севги билан уларга ўз имонингиз ва ким эканлигингиз ҳақида айтиб, жангда ғолиб бўлишингиз ҳам мумкин.

Азиз радио тингловчи биродарлар, “имонли кишининг руҳий жангдаги асосий вазифаси нима бўлиши керак?” деган муҳим савол тўғилади. Албатта, ҳар бир имонли киши мустаҳкам тура олиши учун ибодатда бўлиши лозим. Бундан ташқари Худованд сиз билан эканлигини билиб, доимо жасурлик ила илдам қадам ташлаш керак. Мен бир воқеани айтиб бермоқчи эдим. Мени машинам турадиган гаражлар қоровулхонаси олдида бир каттагина кучук бор. Агар шу жойдан ўтаётганимда ўзимни чарчаган ва хомуш сездирсам, доимо у кучук менга ташланишга ҳаракат қилади.

Лекин чарчаган бўлсамда, ўзимни бардам тутиб шахдам қадамлар билан келаётганимни кўрса, ташланишга ҳаракат қилиб кўради, лекин мендаги жасурликни кўриб қочиб қолади. Албатта бу оддий мисол. Ўйлайманки, Худованднинг фарзандлари доимо хурсанд ва жасурлик ила юриши керак. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top