3:41

Руҳий ғалаба 220

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашганимиз учун Отамиз Худовандга чин юракдан миннатдормиз. Азиз биродарлар, марҳамат тингланг — эфирда “Дилкаш” радиоси. Азизлар, нима тўғрисида ибодат қилиш керак деган саволга Муқаддас каломдан бир оят орқали жавоб берсак. Ушбу оят Эфесликларга мактубининг 6 боби 18 оятида битилган: “Ҳар турли дуо ва ёлворишлар билан, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилинглар. Ибодатда ҳушёр ва саботли бўлиб, барча Худонинг азизлари учун илтижо қилинглар”. Ҳурматли биродарлар, ушбу оятда айтилишича, биз масиҳий биродарлар доимо бир-биримиз учун ибодат қилишимиз керак.

Агар эътибор берган бўлсангиз, ушбу оятда шайтонга қарши ёки унинг малайларига ва ёвуз руҳларга қарши ибодат қилинглар, деб умуман эслатилмаган. Ҳурматли биродарлар, кўпинча замонавий жамоатлар шундай деб ибодат қилишга ўрганиб қолишган: “Шайтон, мен сенга қарши жанг эълон қиламан, сени ва сенинг малайларингни боғлайман”. Хуллас шунга ўхшаш ёки шунга яқинроқ сўзлар билан ибодат қилинганини кўп бора эшитганмиз. Худованд бизларга шундай сўзлар орқали ибодат қилишимизни буюрмаган. Шунингдек, Худованднинг Ўзи амалга ошира оладиган ишлари учун бизни чорламайди. Худованднинг Ўзи шайтон билан жанг олиб боради. Масалан, инсонлар кўпинча: “эй ёвуз руҳ, мен сени Исо Масиҳ номи билан ҳайдайман”, деб ибодат қиладилар.

Ахир Худованд шу жойда аралашмаса қандай қилиб оддий инсон ўзидан минг бора кучли махлуқ билан жанг олиб бориши мумкин? Албатта, ҳар бир ишимизда Худованддан мадад сўраш тўғри бўлар эди. Ҳурматли радио тингловчи, тўғри биз доимо зийрак бўлишимиз керак. Шайтон билан бўладиган руҳий жанг бу оддий ҳол эмас. Албатта, бунга жиддий тайёргарлик ва жиддий руҳий куч керак бўлади. Бир мисол келтириб ўтсам. Айтайлик, масиҳий инсон ўзи ҳали имонда унчалик мустаҳкам эмас. Ёки эски ҳаётидаги айрим гуноҳ одатлардан ҳали ҳам воз кечолмаган. Шундай киши қандай қилиб шайтонга қарши жанг қилиши мумкин? Ўзингиз фараз қилинг, азизлар. Қўли ёки бошқа таъна аъзоси яраланган инсон қандай қилиб кучли рақиб билан жанг олишиб боради? Яхшиямки, Худованд ҳар бир илтижо қилган биродар учун куч, ғайрат ва мадад беради.

Худованд билан бирга бориш ҳеч қачон мағлубият келтирмайди. Худованд энг буюк ва энг қудратлидир. Ҳурматли биродарлар, агар орамизда кучсизланган ёки яраланган биродарлар бўлса, улар учун ибодат қилинг. Уларни яна имонда мустаҳкамланиб қайта тикланиши учун айнан сизнинг ибодатингиз жуда муҳимдир. Соғлом танага ва руҳга эга бўлган биродаргина тўлиқ масиҳийча ҳаёт кечира олади. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини эслатиб ўтсам. Манзилимиз: dilkash@najot.com Азизлар, ушбу манзилимизга ўзларингизнинг фикр-мулоҳазаларингиз битилган мактубларингизни ва таклифларингизни бемалол ёзишингиз мумкин. Шунингдек, ибодат муҳтожликлари ҳақида ҳам ёзишни унутманг. Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг азиз тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top