Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар, сиз азиз биродарлармиз билан яна “Дилкаш” радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Келинг азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали бугунги кундаги барча жамоатлар, қолаверса барча имонли биродарларимизнинг муҳим вазифалари ҳақида суҳбатлашсак. Аввало ҳар бир Хушхабар айтмоқчи бўлган биродар, Хушхабар айтиш учун Хушхабарнинг нималигини тушуниши жуда муҳим. Хушхабар юнон тилида “Евангелион”яъни “Хуш, қувончли ёки яхши хабар”, ва яна кейинчалик “Ғалаба ҳақида хабар” деган маънога ҳам эга бўлган.
Яна давлатнинг амрлари ва қонунларин ҳам “Евангелие” деб аталган. Эски Аҳд китобида “Евангелие” сўзи бирон марта ишлатилмаган, балки унинг ўрнига эски яҳудий тилида “басар” сўзи ишлатилган. Бу сўзнинг маъноси ҳам “Яхши ва қувончли хабар” деган маънога эга бўлган. Азиз радио тингловчи биродарлар, катта жамоатлар бўладими ёки кичик уй гуруҳлари бўладими, уларнинг барчаси Хушхабар айтиш учун ўрганган бўлиши керак. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, катта жамоат биродарлар ўзаро бир-бирлари билан яхши муносабатда. Чўпон ҳам мақтовга сазовор инсон. Лекин ҳеч ким Хушхабар айтмайди.
Бундай жамоатлар ўсиши мумкинми? Албатта йўқ. Айниқса бизнинг шароитмизда ҳеч бир инсон ўз хоҳиши билан жамоатларга ёки уй гуруҳларига келиб қўшилмаса керак. Бунинг учун ҳар бир биродар ва айниқса чўпоннинг ўзи Хушхабарчи бўлиши керак. Албатта ҳозирги кунда шароитни ҳисобга олиб айтишимиз мумкин, Хушхабар айтиш бироз қийинроқ, деб. Азизлар, Хушхабар айтиш ёки Худога хизмат қилиш қачон ва қаерда осон бўлган? Ҳаворий Павлуснинг ҳаётини ҳар биримиз яхши биламиз. Худовандга қилган хизмати учун у ҳеч кимдан ҳеч қачон мукофот олмади.
Аксинча, доимо у қийинчиликда, қувғинда, очарчиликда ҳаёт кечирди. Шу билан бирга Ҳаворий Павлус минглаб инсонларнинг тавба қилиб, Худовандга келишлари учун сабабчи бўлди. Ҳатто биламизки, Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи ҳам Ўзи ҳақидаги Хушхабарни бошқаларга айтган эди. Исо Масиҳ Ўзи ҳақидаги Хушхабарни бошқаларга айтгани ҳақида Муқаддас Китобнинг Луқо Китоби 4 боби 16 оятидан 21оятигача ва Матто Китобининг 4 боби 23 ояти ҳамда Марк китобининг 1боби 14 оятларидан ўқиб кўришингиз мумкин. Хушхабар айтиш имонли биродарларнинг руҳий ўсиб боришини таъминлайди. Жамоатларни эса доимо ўсиб боришига сабаб бўлади. Шахсан бизнинг гуруҳимиз ҳар йили ўз олдига бир нечта мақсадларни қўяди. Шу мақсадларнинг асосийси Хушхабар айтишга қаратилади. Йилнинг охирида эса мақсадларимизнинг ҳисоб-китоби қилинади.
Албатта бошида ушбу режаларни амалга ошириш осон бўлмади. Лекин аста-секинлик билан барчаси ўз ўрнига тушиб кетди. Азиз биродарлар, Хушхабар айтиш бу нафақат бизнинг ёки чўпоннинг мақсади. Бу Раббимиз Исо Масиҳ томонидан барчамизга буюрилган вазифадир. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Албатта ушбу манзилга мактубларингизни ёзиб юборинг. Хушхабар тарқалиши учун барчамиз биргаликда ибодат қиламиз. Хайр саломат бўлинг.