3:43

Болаларнинг ўсишига ёрдам 297

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азиз биродар ота-оналар, келинг бугунги эшиттиришимизни Муқаддас Каломдаги бир оят билан бошласак: “Сизларни даъват этган Худо қандай муқаддас бўлса, сизлар ҳам бутун юриш-туришингизда шундай муқаддас бўлинглар”. 1Бутрус китобининг 1 боби 5 ояти. Азизлар, орамизда ҳеч ким бутун умри давомида хато қилмасдан доимо тўғри яшаган ёки тўғри йўлдан юрган одамни билмасак керак.

Бундай инсоннинг бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки инсон зоти туғилганидан ҳатто онасининг қорнидалигидан бошлаб гуноҳкордир. Демак, умримиз давомида шундай мукаммал инсонни учратмаслигимиз аниқ фактдир. Азиз биродарлар, Муқаддас Китобда шундай деб ёзиб қўйилган: “Масиҳдан эшитиб сизларга билдираётган хабаримиз шуки, Худо Нур, Унда ҳеч қандай қоронғулик йўқ”. 1 Юҳанно мактуби 1 боби 5 ояти. Ушбу оят Худованднинг қанчалик Муқаддаслигини билдиради. Азизлар, Худованд гуноҳсиз, Унда ҳеч қандай айб йўқдир. Худованд гуноҳдан ва ҳар қандай ёвузликдан ва ёмонликлардан холидир. Ёруғлик ва зулмат каби Худованд ва гуноҳ ҳам қарама-қаршидир.

Худованд Муқаддасдир. Азиз ота-оналар, У шунинг учун ҳам ҳар бир инсонни гуноҳсиз ва муқаддас яшашини истайди. Шундай экан келинг, биз инсонлар ҳам ўз фарзандларимизга ёшлигидан гуноҳ нима эканлигини тушунтириб, уларни Раббимиз Исо Масиҳ кўрсатган йўлга бошлайлик. Токи улар ўзларининг ақл- идроклари орқали муқаддаслик нима эканлигини тушуниб етсинлар. Уларга шундай ўргатайлик-ки, бутун инсониятнинг душмани бўлган шайтон ҳеч бирини йўлдан оздира олмасин. Бунинг учун эса аввало ҳар бир ота-онанинг ўзи биринчи қадамни ташламоғи керак.

Кўпчилик ота-оналар билан суҳбатлашганимизда шунга гувоҳ бўламизки, улар: “Ҳали болаларим ёш, сал катта бўлса кейин уларга Муқаддас китоб нима? Худо ким?” — барчасини ўргатамиз деб айтишади. Бу эса ота-онанинг катта хатолиги деб тушунаман. Бола ҳали сизнинг айтганларингизни тушунмаслиги мумкин, лекин уларга ибодат қилиш ва муқаддас руҳий ҳаёт кечиришлари учун шундай атмосфера яратиб бериш ҳар бир ота-онанинг бурчидир. Боланинг бир ёшга улғайганлиги, руҳий ҳаётнинг бир йил кечикканлигидан даракдир. Азиз биродарлар, фақатгина Худованд мукаммалдир. Албатта инсон Худо каби мукаммал бўла олмайди. Лекин мукаммаллик сари интилиб яшаш ҳар бир инсонни гуноҳдан асрайди.

Инсонларнинг барчаси доимо гуноҳ қилади ва бу гуноҳ ҳар биримизни Худодан узоқлаштиради. Худованд гуноҳсиз бўлганлиги учун гуноҳкордан узоқлашади. Кимки Ундан кечирим сўраб яқинлашишни истаса, У доимо шу инсонга яна яқинлашади. Шунинг билан азиз биродарлар, эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Бизнинг электрон почтамизнинг манзили: dilkash@najot.com Ушбу манзилимизга албатта ўз фикрларингизни ёзиб юборинг. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top