3:18

Болаларнинг ўсишига ёрдам 213

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Азиз ота-оналар, биз кўплаб эшиттиришларимизда болаларнинг келажакда яхши инсон бўлиб ўсишларини таъминлашда ота-оналарнинг ҳаракатлари ҳақида гаплашганмиз. Тўғри-да, ахир қайси ота-она ўзининг фарзандини келажагда безори ёки барчадан таъна эшитувчи бўлиб ўсишини истайди? Кексалар айтишади-ку, ёш ниҳолни қайси томонга қаратиб боғлаб қўйсангиз, ниҳол шу томонга қараб ўсади. Болалар ҳам худди ёш ниҳолдек гап. Ҳар бир ота-онанинг айниқса масиҳий ота-оналарнинг ягона истаги -болаларимиз Худовандга бўйсунадиган, оқил, доно бўлишларини истаймиз.

Ушбу истагимиз, албатта, Худонинг ҳам хоҳиш-истагидир. Бундай ютуқларга эришишнинг ягона йўли бу — ҳозирдан болаларимиз учун ибодат қилиб, уларга Худованднинг куч-қудрати ва ҳақиқатларини ўргатиб боришдир. Баъзи болалар Худодан қўрқишлари ҳам мумкин. Чунки ота-оналар уларни Худонинг жазолари билан қўрқитиб қўйишади. Тўғри, Худованд гуноҳга қарши ва гуноҳни жазолайди. Лекин ундан ҳам буюкроқ бўлган севгиси ҳам бор. Аслида Худо барча одамларни севади. Уларни нажотга эга бўлишини истайди. Лекин ҳамма ҳам Худога қулоқ тутишни истамайди. Азиз ота-оналар, болаларга бўлган эътиборимиз бироз бўлса-да сусаймаслиги керак.

Улар ўз ота-онасида доимо эътибор талаб қилишади. Болаларни Худонинг жазолари билан қўрқитиб тарбиялашимиз унчалик ҳам тўғри эмас. Ундан кўра болаларга Худо уларни қанчалик севишини ва Раббимиз Исо Масиҳ ҳар бир бола учун, ҳатто каталар учун хочда қандай азоб чекканлигини айтиб берганимиз маъқул. Бола ўзининг қилган нотўғри ишлари билан Худони қанчалик хафа қилаётганини уларга тушунтириб беринг. Агар-да уларга Худони фақат жазолайдиган Худо деб таништирсак, албатта, бола Худодан қўрқиб қолади, ҳатто улар катта бўлганларида ҳам ушбу қўрқув уларни тарк этмаслиги мумкин. Болага ибодат қилишни ва Худо билан гаплашишни ўргатган маъқул. Шунда улар катта бўлганларида ҳам ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликларни Худонинг ёрдами ила енгишга ўрганишади.

Акс ҳолда улар инсонлардан ёрдам кутиб ўтиришлари мумкин. Азиз биродар, ота- оналар, атрофга қарасангиз, болаларимизнинг ҳаётлари учун хавфли бўлган кўплаб салбий ишларни кўришимиз мумкин. Агар биз, ота-оналар, болаларимизни ушбу салбий ишлардан ўзимиз ҳимоя қилмасак, ҳеч ким ҳимоя қилмайди. Ҳатто мен шундай деб ўйлайман: одамлар ҳозир шу даражага етиб боришдики, бошқаларни азобларини кўриб, уларнинг муаммоларини кўриб, ич-ичидан хурсанд ҳам бўлиб қолишади. Ҳеч ким бошқа учун ёрдам қўлини узатмайди. Ҳар бир ота-онанинг ягона ёрдамчиси ва умиди бу — Отамиз Худованддир. Азиз биродарлар, мен сизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини айтиб ўтмоқчи эдим. Агар бизга мактуб йўлласангиз, бошимиз осмонга етади ва сиз учун ва фарзандларингиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Манзилимиз: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top