3:06

Оилавий тадбиркорлик тўғрисида 1 қисм

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Куйидаги дастурлар асосан тадбиркорчилик билан шуғулланмокчи бўлган юртдошларимизга фойдали бўлиши мумкин. Дастур давомида, кизиқарли ва тадбиркорлик фаолиятингизга фойдали маълумотларни хавола этаман. Азизлар, бугун биз сизлар билан оилавий тадбиркорлик мавзусида сўз олиб борамиз. Гап оилавий тадбиркорлик тўғрисида кетар экан, унинг қатор афзалликлари тўғрисида ҳам гапириб ўтиш жоиз. Аввало таъкидлаш лозимки, оилавий корхона оила яшаб турган турар жойда фаолият юритиши ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни шу жойнинг ўзида сотиши мумкин.

Оилавий корхонага берилган бундай имконият оилавий тадбиркорликни бошлаш ва уни самарали давом эттириш ишини анча осонлаштиради. Бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга асосланган юридик шахс ташкил этишдан кўра, оилавий корхона ташкил этишнинг яна бир арзон ва қулай жиҳати шундаки, оилавий корхона иштирокчилари корхона устав фондини энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан паст бўлмаган миқдорда мустақил ҳолда белгилашлари мумкинлиги қонунда белгиланган.

Энг муҳими оилавий корхона иштирокчиларига тегишли бўлган турар жойларни корхона устав фондига киритиш ёхуд улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди. Ҳатто қонун иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш нуқтаи-назаридан уларнинг бирига тегишли бўлган ягона уй (квартира)ни оилавий корхонанинг устав фондига киритилишига йўл қўймайди.

Оилавий корхона ягона солиқ тўловчи ҳисобланади, яъни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин уларнинг ихтиёрида қоладиган фойдага солиқ солинмайди, бу фойда унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ва бунда иштирокчилар даромад солиғи тўламайдилар. Агарда оилавий корхона халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланса, уларни реализация қилишдан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан ҳам белгиланган тартибга биноан озод қилинадилар.

Оилавий корхона ташкил қилишнинг яна бир мақбул томони шундаки, агар бундай корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш учун фойдаланилган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари, жумладан электр, сув, канализация, газ, иссиқлик таъминоти ҳақини корхона учун эмас, балки аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг ёки www.najot.com сайтининг керакли бўлимига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top