3:10

Аёллар ишонадиган ёлғон – Ҳаётимдаги қийинчиликлар умрбод давом этади

MP3

Ассалому алайкум. Суҳбатимизнинг бугунги мавзусига диққат қилдингизми? Бу шайтоннинг навбатдаги ёлғонларидан бири. Орамизда кўплаб аёллар бу ёлғонга ишонишади. «Ҳаётимдаги қийинчиликлар ҳеч қачон тугамайди». Бу ёлғон кўпгина аёлларни қоронғуликка ва тушкунликка бошлайди. Юрагингиздаги оғриқ, ҳоҳ у жисмоний бўлсин, ҳоҳ ўтмишингиздаги ёмон хотиралар узоқ давом этиши мумкин, аммо бир умр эмас. Ҳаётимиз абадий эмас. Худони кўришимиз билан ҳамма ёмонликлар унутилади. Баъзан дугоналарим, танишларим билан суҳбатлашганимда никоҳларидаги қийинчиликлардан нолиб қолишади. Бирор бир қийинчилик тез-тез такрорлангани учун умуман тугамаса керак, дея умидсизликка тушишади. Қийинчиликларимиз қанчалик узоқ давом этмасин, Худонинг Каломи унинг абадий давом этмайди дея ваъда беради: «Шунинг учун умидсизланмаймиз. Гарчи зоҳирий вужудимиз ҳар қанча ҳазон бўлаётган бўлса-да, ботиний вужудимиз кундан-кунга янгиланаяпти. Бу ўткинчи ва арзимас қайғуларимиз биз учун ҳаддан ташқари ажиб, катта ва абадий улуғворлик ҳосил қилади. Чунки биз кўзга кўринадиган нарсаларга эмас, кўзга кўринмайдиган нарсаларга қараймиз. Кўринадиганлари муваққат, кўринмайдиганлари эса абадийдир.» (2Кор4:16-18). Сизнинг қайғуингиз ойлаб, борингки йиллаб давом этиши мумкин. Бироқ агар сиз Худонинг фарзанди бўлсангиз, бу қайғуларингиз абадий давом этмайди. Худованд ҳаётингизда Ўзининг муқаддас ва абадий мақсадига эришиши билан қайғуларингиз ҳам тугайди. Бу ҳаётда худди енгиллик олмайдигандай туюлса, Каломга қаранг. У бизга қайғуларимиз бир куни келиб тугаши ҳақида ваъда беради. Масалан мана бу оят: «Ўйлайманки, бизга зоҳир бўлажак улуғворлик олдида шу он азоб-уқубатларини айтиб ўтиш ҳам арзимасдир» (Рим 8:18). Ëки бўлмаса ҳазрати Довуднинг сўзларини тингланг: «Чунки Унинг ғазаби бир лаҳзалик, лутфу карами эса умрбоддир. Оқшомда йиғи ҳукм сурса, саҳарда шодиёна келур.» (Заб 29:6). Ҳар қанча қийинчиликлар бўлса ҳам Худога бўлган имонимиз яшашда давом этишимизга куч ва умид беради.

Аёллар ишонадиган ёлғонлардан яна бир бу «Мен бошқа чидай олмайман», — деган ёлғондир. Шайтон бор кучи билан аёлларни мана шу ёлғонга ишонтиришга ҳаракат қилади. Нега дейсизми? Агар биз умидимизни йўқотсак, осонгина унинг қулига айланиб қолишимизни у билади. Баъзида ҳаётимизда қийинчиликлар кўпайиб кетганда ҳаммамиз ҳам «бунга ортиқ чидай олмайман», деб юборамиз. Бизга шундай туюлади. Бироқ биласизки, ҳар қандай ёлғонини барбод қилишнинг калити бу – ҳақиқат. Ҳиссиётларимизга ёки қийинчиликларимизга қарамай Худонинг Каломи бизга шундай дейди: «Менинг сенга иноятим етарли» (2 Ко 12:9) Кўпчилигимиз бу оятни биламиз, бироқ қийинчиликлар чоғида унутиб қўямиз. Бунга ишонамизми, йўқми, Худонинг фарзанди эканмиз, Унинг инояти бизга етарли. Қийинчиликлар ва азоблардан ҳолдан тойганингизда ёдга олинг: «Унинг сизга инояти етарли». Азизлар аёллар ҳаётида учрайдиган бошқа муаммолар ва уларга ечимлар ҳақида билишни истасангиз бизнинг www.najot.com сайтимизга ташриф буюринг. Ундан ўзингизни қизиқтирадиган мавзуларни топишингизга аминман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top