Ассалому алайкум қадрли аёллар. Соғ-омонмисиз? Ҳаётингизда сизни бирор нарса безовта қилмаяптими? Анча вақтлардан буён сизлар билан аёллар ишонадиган ёлғонлар ҳақида суҳбатлашиб келяпмиз. Шайтон аёлнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, бизни ўзининг ёлғонларига ишонтиришга уринади. Кўп ҳолларда бунга эришади ҳам. Одатда реклама компаниялари реклама роликларида: « Энг муҳими – бу сиз», деган фикрни олға суради. Бу фалсафий фикр анча эскириб қолган. Айнан шайтон ҳам ўз ёлғони орқали: «Энг муҳими бу сен», деган эди. Шундан бери реклама компаниялари бу ёлғондан моҳирона фойдаланишмоқда. Бу дунёда кўпчилик ўзини муҳим одам дея ҳисоблайди. Киши қанчалик ўзини камситмасин, ўзи ҳақидаги ўйлардан четга чиқмайди. Бу нарса менга қандай таъсир қилади? Бахтли бўламанми? Нега энди бу нарса менинг ҳаётимда содир бўлди? У мен ҳақимда нима деб ўйлайди. Ҳозир менинг навбатим. Менинг улушим қани? Менинг нималарни ўйлаётганим ҳеч кимни қизиқтирмайди. У менинг ҳисларимни ҳақорат қилди. Ўзимга қарашим керак. Мени ўз ҳолимга қўйсинлар. Менга нималар кераклиги уни қизиқтирмайди… ва ҳокозолар. Биз ўз дунёмизнинг марказида бўлиб туриб ҳам, қониқмаймиз. Биз бошқаларнинг ҳам диққат марказида бўлишни истаймиз. Ҳатто Худонинг режасида ҳам марказда бўлишни истаймиз. Бошқалар бизга таъзим қилишмаса, бахтли бўлишимиз ва муҳтожликларимизни қондириш учун ҳаракат қилишмаса, ранжиймиз. Кейин эса худбинона мақсадларимизга эга бўлиш учун бошқа имкониятлар қидирамиз.
Жамоат бу – ҳамма Худонинг атрофида айланадиган жой дегим келади. Бироқ ҳар доим ҳам шундай эмас. Агар бугунги кунда имонлиларнинг ҳаётига қарайдиган бўлсак, кўпчилик одамлар ўзини керакли ва севимли ҳис қилишлари учун ҳаракат қилишаётганини кўрамиз. Баъзилар шундай ўйлашади: «То ўзимизни қабул қилишни ўрганмас эканмиз, оғриқли ҳисларимиздан ҳалос бўлмас эканмиз, Худога топина олмаймиз.» Одамларни оғриқлардан ҳалос қилиш, кўпчилик жамоатларнинг асосий мақсади бўлиб қолган. Кишиларнинг ўзларини яхши ҳис қилишга ҳаракат қилишлари Худони излашдан ҳам муҳимроқ бўлиб қолди. Бироқ ҳаворий Павлус Худо биз учун эмас, биз Худо учун мавжуд эканимизни аллақачон англаб етган эди: «Кўкдаги ва ердаги борлиқ мавжудот, у дунёю бу дунёдаги ҳар қандай тахту тож, салтанату ҳукмронлик У орқали яратилган. Ҳамма нарса У орқали ва У учун яратилган. Унинг Ўзи эса ҳамма нарсадан аввал мавжуд эди. Борлиқ мавжудот Унинг соясида мавжуддир. У Ўз бадани, яъни умматининг бошидир. У ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилгани учун, ҳамманинг илғори ва бошидир.» (Кол1:16:18)
Нега Павлус рим қамоқхонасида ҳам Худони улуғлай олган? Уни тошбўрон қилишганида, тепиб калтаклашганида, кема ҳалокатига учраганида, ҳақорат қилишганларида ҳам қанақасига «доимо хурсанд» бўлиб Худога содиқ қолди? Ҳолдан тойган ва очлик азобини бошидан кечираётганида ҳам қандай хурсанд бўлиши мумкин? Шунча азобларга чидагининг сири шундаки, у бир умрга ҳаётининг мақсади нима эканини аниқлаштириб олган эди. У ўзи учун эмас – Худо учун яшашни танлаган эди.