Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз сизлар билан бир неча турдаги ёлғонларни кўриб чиққанмиз. Бироқ бу билан душманимиз шайтоннинг ёлғонлари тугаб қолмайди. У ҳар бир кишининг қизиқиши, хоҳиш-истакларига қараб ёлғонларининг турини кўпайтираверади. Балиқчилар ўлжа учун энг безиён кўринган емишни танлаганидек, шайтоннинг тузоғи ҳам безиён кўринади. Бизнинг нимага ишонишимизни унга аҳамияти йўқ, асосийси ҳақиқатга ишонмасак бўлгани. Ҳақиқат – унинг дунё устидан ҳукмронлигига путур етказади. У ҳақиқатга қарши туролмайди. Ҳақиқат шуки, ёлғон бизни заифлаштиради, ҳақиқат эса озод қилади. Қуллик шайтоннинг ёлғонини эшитишдан бошланади. Дунёвий фикрласак нима бўпти, бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, деб ўйлаймиз. Ëлғонларга қараш бизнинг фикрлашимизни ўзгартириб юборишини англамаймиз. Шунинг учун ҳам Худованд Ўзининг Каломида солиҳ одамнинг қандай бўлишини кўрсатади: «фосиқлар маслаҳатига юрмас, гуноҳкорлар йўлига кирмас, бузуқилар йиғинида ўтирмас» (Заб 1:1). Шайтоннинг ёлғонини қулоқ солишимиз билан у бизнинг онгимизга кириб олади, кейин эса бу ҳақида ўйлай бошлаймиз. Агар ўша ёлғон фикрлардан воз кечмасак, эртами кечми унинг ёлғонига ишониб қоламиз. Ишонч орқали эса биз ҳаракатга киришамиз. Бизнинг ҳаракатларимиз оқибатида эса одатларимиз пайдо бўлади. Охир оқибат ўзимиз англамаган ҳолда ёлғоннинг қулига айланиб қоламиз. Ёлғонга ишониш эса Худо билан муносабатимизни барбод қилади. Агар сизнинг ҳам ҳаётингизда қандайдир ёлғонга ишонган жойларингиз бўлса, дарҳол ўша ёлғонларни аниқлашитириб олинг. Кейин эса ёлғонни ҳақиқат билан алмаштиринг. Чунки ҳақиқат ҳар қандай ёлғонни йўқ қилади. Шайтон сизни ҳақиқатга ишонтирмаслик учун ҳар нарса қилади. Ҳақиқат сизни озод қилади. Сизнинг онгингизни, қалбингизни ёлғон фикрлар ва ҳислардан ҳимоя қилади. Баъзан нотўғри ҳаёллар, қўрқувлар бўлади, бироқ шу ондаёқ ҳақиқатга юз бурсак, Худонинг Каломи бизга шундай дейди: «У Ўз парлари билан сени ёпар, қанотлари остида беҳатар бўласан. Ҳақиқати сенга қалқон ва тўсиқ бўлар.» (Заб 90:4) Ҳақиқат бизни ёруғликка бошлайди. Онгимизни, қалбимиз ва руҳимизни тозалайди. Масиҳ хочга боришидан олдин шогирдларига: «Менинг сўзларим орқали сизлар ҳозирдан тозасизлар», деган эди. Кейин эса У шундай ибодат қилган: «Уларни ҳақиқатинг билан муқаддас қилгин. Сенинг каломинг — ҳақиқатдир». (Юҳ 17-17) Кимдир менга шундай деган эди: «Худонинг Каломини ўқир экансан, унинг сўзларига кўра ибодат қил». Шунинг учун ҳам эрталаблари Худога шундай дейман: «Худовандим, Каломинг билан мени тозалагин. Сенинг Каломинг ҳақиқатдир. Ҳақиқатинг билан қалбимни ва онгимни тозалагин.» Шайтон бизга қарши ҳужум қилганида онгимиз ва ҳисларимиз бошқа нарсани айтаётганига қарамай, ҳақиқатда туришимиз ва ҳақиқат асосида иш кўришимиз керак. Чарчаган ва ҳолдан тойганимда, онгим ва ҳисларим ёлғонни қабул қилишга мойил бўлганида, ёлғонга қарши турадиган ҳақиқатни топишга ҳаракат қиламан. Мен ҳақиқатни ўзимга ўзим бир неча марталаб овоз чиқариб айтаман ва Худога ибодат қиламан. Сиз ҳам ёлғонга ҳақиқат билан қарши туришга уриниб кўринг.