3:03

Худонинг ҳимояси

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Юраги Худога талпинадиган ва кунда унинг иродасини излайдиган кишилар ҳаётида тез тез Худонинг ишларини кўриш мумкин. Бундай инсонларни Худони ҳаётида татиб кўрганлар, деб аташ мумкин. Худонинг борлигини, Унинг бизга ғамхўрлигини ва ҳимоясини чинаккамига бошидан кечириш бу тасвирлаб бўлмайдиган ҳиссиёт ва воқеликдир. Худонинг ишини, бошқарувини ҳаётида ҳеч бўлмаса бир марта кўрган одам Унга бир умр талпинади. Бугун эътиборингизга шундай инсонлардан бирининг ҳаётида бўлган гувоҳликни ҳавола қиламиз. Унинг исми Абдураҳмон. Мен уни Тайванда учратдим. Абдураҳмон бир пайтлар ҳаётида бўлиб ўтган воқеани бир сабаб туфайли гапириб берди. Биринчи марта у билан учрашганимизда бўйнининг четроқ қисмида чандиқ борлигини кўриб ундан нима бўлганини сўрадим.

Narrator 2 У эса жилмайиб: “Бирор кун мавриди келганида айтиб бераман” деди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, биз яна учрашдик. Ўша куни у мени уйига таклиф қилди. Унинг ажойиб аёли ва иккита фарзанди бор экан. Бир пиёладан чой ичганимиздан кейин, суҳбатини бошлади: “Мен асли Жазоирлик эканимни биласиз. Мен мусулмон оилада дунёга келганман. Ота-онам беш вақт номозни канда қилмайдиган, турли диний маросимларни қолдирмай нишонлайдиган ва мусулмончиликнинг ҳамма амалларини бажарадиган инсонлар эди. Мактабни битирганимдан кейин ҳаётимни қай йўналиш бўйича давом эттириш ҳақида ўйлаб юрган кунларимнинг бирида Хушхабарни эшитдим. Худо юрагимга гапирганини ҳис қилдим ва Уни ҳаётимнинг Раббиси, деб қабул қилдим. Буни оиламдагилардан узоқ яшириб юра олмадим.

Narrator 1 Бир куни отам буни кимдандир эшитиб, кўзлари ғазабдан қизарган ҳолда келди. Ҳамма оила аъзоларимизни йиғиб, уларга ҳам эшитганларини айтиб берди. Акаларим ва синглимнинг, энг ёмони онамнинг қаҳрли нигоҳларига дуч келдим. Отам ўзини босишга ҳаракат қилиб, Қуръонда ёзилган, мен деярли ёддан биладиган оятларни тушунтира кетди. У сўзини тугатиб: “Бу аҳмоқлигингни ёшликка йўямиз, бу йўлингдан қайтиб, тавба қил”, деди. Ўша дамда ҳеч нарса дея олмадим. Индамаганимни розилик аломати, деб билиб кўнгли бироз ҳотиржам тортди. Бу ҳолатдан кейин Исо Масиҳни оилам олдида тан ололмаганим учун қийналдим. Кейинги сафар бундан ҳам ёмонроқ бўлишини билардим. Улар мени ўлдиришлари, раҳм қилсалар қишлоқдан ҳайдаб юборишлари мумкин эди. Бундай ҳолатга тайёр туриш учун ибодат қила бошладим.

Narrator 2 Мен қўрққан кун ҳам келди. Отам бу сафар қаршимга милтиқ билан чиқди. “Ҳали ҳам йўлингдан қайтмадингми? Ҳозироқ Исо Масиҳингдан кечасан, бўлмаса сени ўз қўлим билан ўлдираман”, деди ғазабдан титраб. Худо бу сафар менга ботирлик берди. “Йўқ” дедим. Иккинчи сафар яна сўради. Бу сафар ҳам “Йўқ” деган жавобни олгач, менга қараб ўқ узди. Қўллари ғазабдан қалтираганиданми, ё нишонга теккизишни истамаганиданми ўқ менинг бўйнимга тегди. Улар мени касалхонага олиб боришди. Операциядан сўнг бир неча кун жонлантириш бўлимида ётдим. Худога керак эканман, ҳаётимни сақлаб қолди. Ўшандан кейин мени уйдан ҳайдашди. Худо менга бошпана, яхши рафиқа ва фарзандлар берди. Энг муҳими мен ҳозир ота-онам билан ярашганман. Худо билан бўлсак, У бизга керакли ҳамма нарсани беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top