Narrator 1 Ассалому алайкум. Кундалик ҳаётимизда рухий кучларга қарши туришимизга уларнинг хийлаларига алданмаслик учун, иблиснинг ҳужум усулини билиш керак бўлади. Шайтоннинг имонлиларга бўлган ҳужуми асосан билвоситадир, бевосита эмас. Шунинг учун ҳам Каломда улар “шайтоннинг ҳийлалари” деб аталади. Ҳийла дегани – билдирмай, сездирмай макр ишлатиш дегани. Тўғридан-тўғри ишлатилган ҳужум билиниб, сезилиб туради. Ҳийла эса тузоқ шаклида ишлатилади. Уни кўпинча дарров сезмайсиз. Шу сабабдан биз кейинги суҳбатимизда шайтоннинг ҳийлалари ҳақида батафсилроқ гапирамиз, чунки шайтон ва қоронғу кучлар одамларга ҳозир сезилмас тарзда айланма йўллар билан таъсир ўтказяпти. Шайтоннинг билвосита таъсири бизга асосан икки йўл, яъни икки восита билан келади. Биринчисини Муқаддас Китоб “дунё” деб атайди, иккинчисини эса – “тана” деб.
Narrator 2 Балки ваъзларда эшитгандирсиз: “имонлиларнинг учта душмани бор: бири дунё, бири нафс, учинчиси шайтон” деб айтишади. Яъни бу билан, учта душманимиз бор, дейишади. Лекин аслида ундай эмас. Душман фақат битта — шайтон. Лекин шайтон одамга дунё ва нафс орқали ҳужум қилади. Агар Каломдан текшириб кўраман, десангиз, қуйидаги оятларни ўқийлик: «Сизлар бир вақтлар гуноҳ ва жиноятларингиз туфайли руҳан ўлик эдингизлар. Фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким ихтиёрига қараб бу дунёнинг йўлида юрар эдингизлар. Шайтон руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда амал қилмоқда» (Эфесликларга 2:1-2). Калом нима деяпти? “Эй имонлилар, эсингиздан чиқиб кетмасин: ўша вақтларда сизлар ҳам дунёнинг йўлида эдингизлар, шайтон сизларни назорат қилар эди”, деяпти. «Бир вақтлар биз ҳаммамиз ҳам ўша одамлар каби яшаганмиз.».
Narrator 1 Ўша пайтда сиз ўзингизнинг шайтон назорати остида эканингизни билар эдингизми? Албатта йўқ. Жисмингиз ва ақлингиз нимани хоҳласа, сиз табиий тарзда шуни қилар эдингиз. Шайтон таъсир қиладиган воситалардан бири дунё бўлса, иккинчиси, демак нафс. Шайтон кўпроқ ана шу иккинчи восита – нафс орқали ҳужум қилади. Нафс нима? Нафс деганда жисмоний тана, гўшт ёки суякларни тушуниш хато. Нафс ёки нафсоний табиат – инсондаги худбинлик маркази, фақат ўз манфаатини кўзлайдиган, ўз хоҳишини талаб қиладиган, юқоридаги авторитетларга бўйсунишни истамайдиган нарса. Нафс ҳар бир одамда бор. Буни билиш учун мактабга боришнинг кераги йўқ. Масалан, ким бизни ёлғон гапиришга ўргатган? Ё мақтанчоқлик, худбинлик, бўйсунмаслик бизга қаердан келган? Ёмонлик қилишни қаердан ўрганганмиз? Мактабдан эмас-ку! Биз нафс билан бирга туғилганмиз.
Narrator 2 Шунинг учун ҳам гуноҳ қиламиз. Бундай доноликни Худонинг Сўзи “дунёдан, моддиятдан, иблисдан туғилган донолик” деб таърифлайди (Яъқуб 3:15). Иблисдан! Кўряпсизми? Шайтон инсон табиатини бузиб, Худонинг мақсадидан бошқа томонга буриб, иблисона доноликка ўргатади. Аллоҳ таоло инсонни жуда ҳам гўзал қилиб яратган. Лекин кейин бу гўзаллик ўзгарди. Шу сабабдан Римликларга мактубида: “Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг гўзал режасидан бебаҳра қолган”, деб ёзилган. Дунё нима? Одамлар биргаликда инсоният ирқини ташкил қилади. Инсон эса, юқорида айтганимиздек худбин, ўз манфаатини хоҳлайди. Худбин одамларнинг биргаликдаги хоҳиши Каломда “дунё” деб аталади. Ҳар бир одамнинг нафси дунёвий, манфаатталаб, иблисона бўлгандан кейин, бутун одамзоднинг биргаликда тутган йўли ҳам Худога қарши. Каломда “дунёга уйғунлашманглар” деб ёзилган оят бор.