3:05

Сотиш қоидаси

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Сотиш ва савдо санъатининг ҳам ўз қонун қоидалари борлигини биласизми? Улардан энг оддийсини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Сотиш илмининг биринчи ва энг муҳим қоидаси қуйидагича: «Сотувчи мижозни ширин сўзи, очиқ чеҳраси, тез фаҳмлаши, назокати, ақли ва мантиғи билан молини сотиб олишга мажбур қилсин” Шу тариқа, ҳам ўз дўконининг, ҳам харидорнинг манфаатига мос иш қилган бўлади. Қўполлик, қаллоблик, ёлғончилик сотиш илмида бўлмаган, ҳазар қилинган ишлардир. Лозим бўлмаган мол ҳақида кераксиз ва маъносиз сўзлар билан харидор бошини қотириш, эҳтиёжи бўлмаган молни олишга зўрлаш сотиш санъатими? Минг марталаб йўқ!.. Сотиш санъати умуман бундай эмас. Бу бир одамга пичоқ ўқталиб, чўнтагидан пулларини тортиб олиш ёки қароқчиликдай гап. Ҳақиқий савдо бундай бўлмайди.

Narrator 2 Айримлар бор, тижоратда ёлғон-яшиқ билан муваффақиятга эришишни, ишлари бароридан келишини хаёл қилишади. Бундай ўйлайдиганлар фақат ўзларини алдашади. Гарчи тижорат соҳасида қаллоблик пиллапоялари билан юксалганлар бўлса-да, улар тезда дами чиқиб ёки ёрилиб кетадиган пуфакка ўхшайдилар. Ёлғончининг шами ёниб тугаганидек, уларнинг ҳам умрлари қисқа. Сотиш санъати қўполлик, зўравонлик эмас. Аксинча, у киши тарбиясини, заковатини бор бўйи билан намоён этадиган соҳадир. Юқорида айтиб ўтганларимизнинг тескарисини қилган киши тузмилтиқ билан шер овлагани чиққан овчига ўхшайди. Ҳолбуки, тузмилтиқ билан шерни ўлдириб бўлмайди. Ёлғончи савдогар ҳам ана шу овчига ўхшайди.

Narrator 1 Бир гуруҳ тижорат аҳли харидорларга молини америкача усулда сотаман, деб янглиш қадам ташлайди. Зеро, бу усул фақат америкалик харидорларга қўлланади. Чунки харидорларнинг ҳаммаси америкалик эмас. Ҳар бир юртнинг одамлари ўзига хос тушунча ва дунёқарашга эга бўлгани учун уларга ўзлари тушунадиган тил ва услуб воситасида мол сотишингиз мумкин. Мисол учун, америкалик ва англиялик харидор бир- биридан кескин фарқ қилади. Америкаликка мол сотиш қанчалик қийин бўлса, англияликка сотиш ундан ўн чандон қийин. Чунки англиялик харидорни асло алдай олмайсиз. Энг кучли фикрларни олдига ташласангиз ҳам у лаққа тушмайди. Қанча кўп гапирсангиз, молингизнинг сотилиш эҳтимоли шунчалик озаяди.

Narrator 2 Мен ҳам ҳар бир харидор каби ўзим истаган барча нарсани сотиб олиш учун ўзим бир қарорга келишим лозим. Чунки бу менинг ишим. Нега бошқалар аралашиши керак? Менга «оласан” дейишмасин. Ўзим «оламан” дейишим керак. Чунки кўп гапирган сотувчилардан безиллайман ва у ердан тез чиқиб кетишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун қўйинг, харидор ўзи ўйлаб, ўзи учун мақбул қарорга келсин. Харидор ташқарида бегона, дўконимизга киргач эса дўстимиз бўлиши ва унга дўстона, самимий муносабатда бўлишимиз даркор. Шохлари ва илдизлари кўп бўлган дарахт каби сотиш санъатининг бир қанча томонлари бор. Бу томонларнинг нозарур кўринганлари ҳам аслида катта аҳамиятга эга. Булар санаб адоғига етадиган нарсалар эмас. Булар ҳақида билишни истасангиз, бизни тинглашда давом этинг ва www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top