3:10

Фаришталарнинг хусусиятлари

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Аввалги суҳбатларимиздан, Худованд хизматидаги фаришталар, уларнинг турли йўллар билан инсониятга ёрдами ва Худо хизматидаги фаришталар нималар қилгани ҳақида билиб олган эдик. Бугун эса сизнинг эътиборингизга ҳаммамизга сирли туюлган Худованднинг ажойиб хизматчилари бўлган фаришталарнинг хусусиятлари ҳақида маълумот беришни маъқул топдик. Даставвал улар ҳақида бир тасаввурга эга бўлиб олсак. Маълумотларга кўра, улар моддий танага эга эмаслар. Бу ҳақида биз Муқаддас Каломдан билиб олганмиз. Унда шундай ёзилган: “Чунки бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга , бу қоронғу дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир.”(Эф.6:12;)

Narrator 2 Ҳали айтганимиздек фаришталарнинг танаси йўқ, лекин одам қиёфасида келишлари мумкин. Каломда бунга мисоллар жуда кўп. “Оқшом тушгач, ўша икки фаришта Садўмга келдилар. Лут шаҳар дарвозаси ёнида ўтирар эди. Лут уларни кўриши биланоқ ўрнидан туриб , уларга пешвоз чиқди, юзи билан ерга йиқилгудек бўлиб таъзим қилди… (Ибт.19:1) “Шунда оқ кийим кийган икки фариштани кўриб қолди”(Юқ.20:12…) 2. Ундан ташқари улар ўта қудратли ҳам. Чунки Худованд уларга керакли қудратни берган. “Ўша тунда шундай бўлди: Раббийнинг фариштаси бориб, Ассир қўшинидан саксон беш минг кишини қирди. Эрталаб турсалар барча таналар ўлик эди (4Шоҳ.19:35). Улар Худонинг амри билан, минглаб душман аскарларини бир зумда халок эта оладилар.

Narrator 1 Фаришталар одамлардан анча кучлироқ. Гарчи, фаришталар ўз қуввати ва куч — қудрати билан одамлардан устун бўлса ҳам, Худованд олдида бу мавжудотларни таъна қилиб ҳукм сўзларини гапирмайдилар (2Пет.2:11). Улар бошқа ўлчам ва вақтда яшайдилар. Шунинг учун улар ўлчовсиз тезлик ва қудратга эга. Улар самолётдан тез учишлари ва самолётни қулашдан асраб қолишлари мумкин. Улар одамлардан донороқ, аммо ҳамма нарсани ҳам билавермайдилар. Хўжайиним ердаги ҳамма нарсани билиш учун Раббийнинг фариштасидек донодир. (2Шоҳ.14:20) Ёдингиздами, Ҳазрати Исо Масиҳ шогирдларига охирги замон ҳақида шундай деган эди: “У кун ва у соат ҳақида биргина Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди, осмондаги фаришталар ҳам билмайди”(Мат.24:36). Улар Худони шарафлайдиган ва садоқат билан хизмат қиладиган мавжудотлардир.

Narrator 2 Уларнинг сон саноғи йўқ. Ибтидода Ёқуб ҳақида ўқиган бўлсангиз, унда шундай ёзилган: “Ёқуб ўз йўлида кетаётган экан, Худованднинг фаришталари унга учраб қолдилар. Ёқуб уларни кўриб: — Бу Худонинг лашкаргоҳи-ку!, — деб юборди… (Ибт.32:1). Исо Масиҳ туғилган кечада ҳам шундай бўлган эди. “Тўсатдан фаришта билан Худони улуғлаётган саноқсиз самовий қўшинлар зоҳир бўлиб, шундай хитоб қилишар эди:…”(Луқо 2:13). Уларнинг жинси йўқ. Исо уларга жавоб бериб деди: “Бу дунёнинг одамлари уйланадилар ва эрга тегадилар. Лекин келажак дунёда ҳамда ўликлардан тирилишга сазовор бўлганлар эса уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар.Улар энди ўла олмайдилар, чунки улар фаришталарга тенг бўлиб қоладилар…(Луқо 20:34-36). Самовий мавжудотлар ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, бизнинг суҳбатларимизни тинглашни ва www.najot.com сайтимизга ташриф буюришни унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top