MP3

Ассалому алайкум. Исроил халқи бобилликлар қўлида етмиш йил қулликда бўлди. Аммо Худо Еремия пайғамбарга айтганлари амалга ошадиган пайт келиб, Кир яҳудийларга ўз юртига қайтиб, Қуддусдаги Худо маъбадини қайта тиклашга рухсат берди. Зарубобил бошчилигида катта бир гуруҳ яҳудийлар Қуддусга қайтиб кетдилар. Бироқ яҳудийларнинг ҳаммаси ҳам қайтиб кетмаганди. Кир вафот этгач, унинг ўрнига Доро шоҳ бўлди. Доро ҳам ўтди. Ундан сўнг Ахашеруш даврида Исроил ва Яҳудонинг душманлари форс шоҳини уларга қарши қўйишга ҳаракат қилишди. Шох Ахашеруш бунга эътибор қилмаган бўлса керак. Чунки Каломда бу ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Ундан сўнг Бобилга Артаксеркс ҳукмронлик қилди. Унинг ҳукмронлиги даврида ҳам душманлар тинчишмади.

Яҳудийларнинг Оромий душманлари шоҳга нома юборишди. Номанинг мазмуни тахминан мана шундай эди. «Содиқ қулларингиз сизга шуни маълум қиладики, яҳудийлар ўз шаҳарларини ва деворларини қайта қурмоқдалар. Бир пайтлар аждодингиз томонидан бузиб ташланган маъбадларини ҳам қайта қуришмоқда. Сизга маълум бўлсинким, агар бу халқ шаҳарларини қуриб битказса, сизни ҳурмат қилмай, солиқ тўлашдан бош тортади. Бу халқ бўйсунмас ва исёнкор халқ. Бу ҳақида сиз қадимий маълумотлардан ҳам билиб олишингиз мумкин. Бу халқ сизга ташвиш келтиради.» Артахсеркс бобокалони Кир ва унинг яҳудийларга қилган иши ҳақида билган бўлса ҳам бу воқеага эътибор қилмаган.

Аксинча, яҳудийларнинг душмани бўлган оромий халқнинг бошлиқлари ёзган мактубга ишониб, архивни келтиришларини буюрган. Маълумотларга кўра, бу халқ чиндан ҳам бир пайтлар кучли бўлган. Бу давлатни ва халқни қудратли шоҳлар бошқарган. Бу халқ жуда кўп босқинчиларга қарши аёвсиз кураш олиб борган. Бу маълумотлар орасида албатта Кирнинг қилган ишлари ҳам бор, бироқ Форс шоҳи Артаксеркс яҳудийларни тўхтатиш керак, деб ҳисоблаган. У Оромийлар лашкарбошиси Раҳим ва Шимшайга жавоб мактубини юборади. Мактуб мазмуни тахминан шундай: «Сиз юборган мактубни менга таржима қилиб беришди. Чиндан ҳам маълумотлар бу халқнинг исёнкор эканини тасдиқлади. Бир пайтлар бу халқ ҳозир сиз яшаб турган ерларга ҳам эгалик қилган ва атрофдагилар уларга солиқ тўлашган экан. Энди шундай қарор чиқараман, яҳудийлар ўз Худосига атаб маъбад қуришни тўхтатсин.»

Шоҳнинг номаси чор атрофдаги ҳудудларга юборилгач, Оромий лашкарбошиси Раҳим ва Шимшайлар ўз аскарлари билан бориб, яҳудийларни шаҳарни тиклашдан тўхтатишди. Шундай қилиб эрамиздан аввалги 525 йилларда маъбад қурилиши ҳам шаҳар деворларининг қурилиши ҳам тўхтаб қолди. Атрофдаги халқлар аввалги қудратли Яҳудий давлатининг қайта тикланишидан қўрқиб, Форс шоҳи Артаксеркснинг қўли билан уларга қаршилик кўрсата бошлашди. Бу қаршиликлар тез-тез содир бўлиб турган. Шу сабаб Худога атаб қурилаётган маъбад ишлари ҳам тўхтаб қолди. Аммо халқ қаршиликларга қарамай, маъбад қурилишини давом эттиравериши керак эди. Бу борада халқ бироз сусткашлик қилган. Шунга қарамай, Худо уларга яна ёрдам беради. Қандай қилиб? Бу ҳақида кейинги суҳбатларимиздан билиб оласиз. Азиз тингловчи тарихий шахслар ҳақидаги билимингизни бойитмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top