Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Азиз болажонлар, доимо масиҳий инсонлардан, ўзингиз бораётган жамоатлардан бир гапни кўп бора эшитганингизга менда асло шубҳа йўқ. Ушбу гап шундай жаранглайди: Худонинг Муқаддаслиги нимани англатади? Дарҳақиқат Унинг Муқаддаслиги нимани англатади? Келинг азиз болажонлар, аввало Муқаддас Каломга мурожаат қилайлик . Чунки унда ёзилган ҳар бир оят ҳақиқатдир.
“Сизларни даъват этган Худо қандай муқаддас бўлса, сизлар ҳам бутун юриш-туришингизда шундай муқаддас бўлинглар”. 1 Бутрус 1 боб 15 ояти. Азизлар, яхши биламизки, Ишаё пайғамбар Худонинг энг буюк пайғамбарларидан бири бўлган эди. Худованд у билан гаплашиб, одамларга дунёнинг қутқарувчиси бир куни келиши ҳақида хабар беришини буюрган эди. Кунларнинг бирида Худованд Ишаё пайғамбарга Ўзининг ваҳийси орқали гапирди. Азиз болажонлар, ваҳий дегани бу бир тушга ўхшаган ҳодиса деб айтсак бўлади, лекин туш эмас.
Ишаё баланд ва самовий тахтда ўтирган Худовандни кўрди. Худованднинг атрофида эса кўплаб фаришталар туришар эди. Фаришталар бир-бирига: “Муқаддасдир, Муқаддасдир, Муқаддасдир Сарвари Олам! Унинг улуғворлиги бутун оламни тўлдирган!-деб айтишарди. Азизлар, худди шу гапларни Муқаддас Каломнинг Ишаё китобини 6 боби 3 оятидан топиб ўқиб кўришингиз мумкин. Албатта ушбу воқеани ўз кўзи билан кўрган Ишаё пайғамбар қўрқиб кетди. Худога қараганида у ўзининг қанчалик гуноҳкорлигини тушуниб етди.
Ишаё кўрган ваҳийси орқали Худованднинг қанчалик муқаддаслигини англади. Демак, Худонинг Муқаддаслиги нимани англатади? Бу Худонинг мутлақо пок ва бенуқсон эканлигини билдиради. Худо ҳеч қачон гуноҳ қилмайди. Худованд мукаммалдир. Худованд ҳамиша тўғри йўл тутади. Худованд гуноҳдан ғазабланади. Агар инсон гуноҳкор бўлса, қандай қилиб Худога ибодат қила олиши мумкин? Худованд бизнинг У билан мулоқотда бўлишимизни истайди. Қачонлардир Ишаё пайғамбар айтганидек, Худо билан гаплашишдан асло қўрқмаслигимиз керак.
Агар биз Раббимиз Исо Масиҳни ўз Нажоткорим деб қабул қилиб ишонган бўлсак, унда биз Худо билан гаплаша олишимиз учун У бизнинг барча гуноҳларимизни Ўзига олади ва бизни Ўзидек муқаддас қилади. Ҳурматли болажонлар, Раббимиз Исо Масиҳга ишониб Уни нажоткор деб юрагимизга қабул қилгандан сўнг, шунга яраша ҳаёт кечиришга ҳаракат қилиш лозим. Албатта, бу дунёда яшаганимизда бизнинг гуноҳкор танамиз гуноҳ қилишга мойилдир. Шундай пайтларда одил Худовандга ибодат қилиб, Ундан кечирим олиш жуда муҳим. Яъни содир этилган гуноҳ ҳақида Худовандга ибодат қилиб айтиш лозим.
Шунинг билан азиз болажонлар, бизнинг бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Агар сизда имконият бўлса, вақт топиб бизнинг интернетдаги сайтимизга марҳамат қилинг, манзилимиз: www.dilkashradio.com Ҳозирча эса сиз азизлар билан хайрлашиб барчангизга соғлик –омонлик тилаб яна учрашгунча деб хайирлашиб қоламиз.