Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, мен яна сиз биродарларим билан радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада дийдор учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ҳурматли биродарлар, Худони улуғлаш дуонинг ажралмас қисми ҳисобланадими? Ҳазрати Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўз шогирдларига ўргатган дуо намунаси Отамиз Худони улуғлаш билан бошланиб, улуғлаш билан тугайди. Азиз биродарлар, бу ҳақида Матто китобининг 6 боби 9 ва 13 оятларидан ўқиб кўришингиз мумкин.
Худо бундай мақтовларга муносиб ва шундай бўлиши ҳам керак. Дуо самимий ишонч билан, чин юракдан қилинади, улуғлаш эса Худога бўлган ишончимизнинг энг яхши ифодаси ҳисобланади. Биз Худодан бирор нарса ҳақида илтимос қилсак, бу сўраш ҳисобланади. Аммо мақтовларсиз, улуғламай туриб сўраш ― худбинликдир. Агар биз ҳар иккисини бирлаштирсак, яъни улуғлаб туриб сўрасак катта кучга эга бўламиз. Имонимиз кучли бўлса, табиийки, дуоларимиз ҳам кучли бўлади. Демак, ишонч билан дуо қилсак, албатта мақсадимизга эришамиз. Агар биз шубҳалансак, у ҳолда дуоларимиз жавобсиз қолиши тайин.
Шунинг учун ҳам Худонинг шуҳратини улуғлашга ўрганиш биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Борди-ю, ҳаётимиз самарасиз ва суст бўлиб бораётгандек бўлса, Худога ҳамду сано айтишни ўрганишимиз керак бўлади. Муқаддас Калом айтганидек, Худо Исроилнинг санолари узра яшайди. Забур китобининг 21 боби 4 ояти. Худони улуғлаган пайтимизда, У бизга жуда ҳам яқин келади. Раббимизнинг дуоси “Осмондаги Отамиз” сўзи билан бошланади ва “Салтанат … Сеникидир” деган сўзлар билан тугайди.
Бизнинг Отамиз ― Подшоҳ. Бизнинг дуоларимизни эшитадиган ва бенуқсон жавоб бера оладиган самовий Отамиз бор. Нима учун энди биз Худога бутун қалбимиз билан тасаннолар айтмаслигимиз керак экан?Ҳамду санолар дуоларимизнинг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб қолиши керак. Энди эса, дуони руҳий урушда шахсан ўзимизнинг ҳамда имонлилар жамоатининг жанг қила олиш санъати ― стратегиямизнинг муҳим қисми сифатида қараб чиқайлик. Руҳий жанг ҳали ҳануз давом этмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир масиҳийнинг ибодати жуда муҳим.
Баъзида шундай бўлиши мумкин-ки, ҳаётимизда нимадир содир бўлади. Балки ушбу содир бўлган воқеа бекорга эмасдир. Кўпинча биз масиҳийлар эса бу воқеа руҳий жанг эканлигини ёдимиздан чиқарамиз. Ҳар бир содир бўлган воқеа ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрсак ва шунга яраша ибодатда бўлсак, мақсадга мувоффиқ бўларди, деб ўйлайман. Худованднинг ибодатларимизга жавоби доимо уч хил бўлиши мумкин. Гўёки бу жавоблар светофор рангларининг кўринишини эслатади. Қизил чироқ — албатта “йўқ” деган жавоб, сариқ ранг эса “бироз кутиб тур”, яшил чироқ эса ибодатларимизга жавоб олганимиздан дарак беради.
Азиз биродарлар, Худованд барча ибодатларимизга “ҳа” деган жавобни беравермаслиги аниқ. Шундай бўлсада, ибодат қилишда давом этаверишимиз керак. Азизлар, айни мавзумизни шу ерида сиз билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини айтиб ўтсам: www.dilkashradio.com Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.