3:14

Руҳий ғалаба 39

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан мен Ғолиббек эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимизни биродарлар орасида тез-тез учраб турадиган бир баҳс тўғрисида олиб бормоқчимиз.

Эшиттиришимизни эса жинга йўлиқиш деб номладик. Муқаддас Китобни ўрганувчи олимлардан бири «жинга йўлиқиш»нинг нима эканлигига шундай таьриф бериб ўтган эди: «жин инсон ичига кириб олиб, унга ўз таьсирини ўтказадиган ва бевосита уни бошқарадиган, унинг ақл-идроки, баъзан эса танасига ҳам оғриқ ва зарар етказадиган ёвуз кучдир.

Жинга йўлиққанликни инсонга нисбатан қилинаётган жинга хос ҳатти-ҳаракатларга қараб билиб олишимиз мумкин бўлади. Бу ҳолатда жиннинг ҳар бир ўзига хос ҳатти-ҳаракати ташқарига чиқади. Жинга йўлиқиш эса ичкарида содир бўлади». Бу таърифдан келиб чиқадиган бўлсак, имонли киши жинни бўлиши мумкин эмас, чунки унинг ичида Муқаддас Руҳ яшайди.

Бироқ имонли киши ёвуз руҳлар томонидан шу қадар кўп ҳужумларга дучор бўлиши мумкинки, натижада четдан қараганда, у худди жинга чалингандек кўриниши мумкин. Азиз радио тингловчи биродарлар, шу ерда фикримизга бироз изоҳ бериб ўтсак: Муқаддас Китобда имонли киши жинга йўлиқиши мумкин деган тасдиқ йўқ.

Ҳар бир имонлининг вазифаси жинларни қидириш эмас, балки уларнинг борлигини, таъсир ўтказа олишини тушуниб етиш ва Раббимиз берган ҳокимлик билан уларга қарши мустаҳкам тура олишдан иборат. Изоҳимизнинг тасдиғи сифатида Муқаддас Китобдан икки мактубни айтиб ўтмоқчимиз. Эфесликларга мактубининг 6:10-12 ва 1 Бутрус мактубининг 5:8-9.

Жинга йўлиққан кишининг одатда одоб-аҳлоқи ва руҳий феъл-атвори ўзгаради. Кўп ҳолларда одамнинг овози бошқача бўлиб қолади, ақл-идроки, билим даражаси ўзгаради. Жинлар таъсири остида бўлган одам ҳатто жин истаган нарсани ҳам гапириб юбориши мумкин. Маркдан Хушхабар китобининг 1 боби 23 ва 24 оятларида жинлар Нажоткорни таниган заҳотлариёқ, одам орқали гапириб юборганлигини кўришимиз мумкин.

Юқорида айтиб ўтилганидек, имонли киши Ҳазрати Исо берган ҳокимият билан иблиснинг қудратига мустаҳкам қаршилик кўрсатиши керак. Иблис ва унинг жинларига қарши туриш ― бу имонли кишининг ўз ҳаётида гуноҳли ишлардан бош тортиши демакдир. Агар имонли киши ўз ҳаётини ёвуз кучларнинг ҳар қандай таъсиридан тозалашни истаса, у доимо Муқаддас Руҳга тўлиб юра олиши, муттасил дуо қилиши ва янада Худованд билан яқинроқ бўлиши жуда зарурдир. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етди. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top