3:35

Оилалар ва одатлар

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун Муқаддас Каломда жуда муҳим бўлган бир ҳикояни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик. Бу Рут исмли аёл ҳақидаги ҳикоядир. У бизга қадимги Исроилнинг урф одатлари, одамлар ҳаёти ва бошидан кечирган ташвишлари ҳақида сўзлаб беради. Бу китобда ёзилган баъзи одатлар бизга ҳам таниш туюлиши мумкин. Бу китобда ёзилган Рутнинг ҳаёти, қилган ишлари ва Худо уни қандай тақдирлаганига қараб, ўша даврдаги одамларнинг одатлари, фикрлаши ва энг мухими Худовандимиз ҳақида билиб оламиз. “Рут” китоби — ҳакамлар давридаги Исроил оиласи ҳаёти тўғрисида маълумот беради. Бу оила кейинчалик Исроилда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки Рутнинг эвараларидан бири шоҳ Довуд эди. Китобда яна Рутга боғлиқ бошқа асосий қаҳрамон Наима ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилган.

Narrator 2 У орқали Байтлаҳмда бўлган қийинчилик, оилаларнинг бунга муносабати ҳақида билиб оламиз. Наима эри ва икки ўғли билан Байтлаҳмда яшаган. Лекин ҳосил яхши бўлмагани учун, бу оила Мўаб юртига йўл олади. Қизиқ нега айнан унинг оиласи ҳосил яхши бўлмагани учун Мўабга кетади? Сизнингча, бошқа оилалар ҳам бошқа ҳосил яхши бўлган ва мўл-кўлчилик бўлган ерларга кетганми? Бу манзара ҳаммамизга жуда таниш, шундай эмасми? Наиманинг эри у ерда вафот этди, ўғиллари эса Мўаблик қизларга уйландилар. Ўша қизлардан бири Рут эди. Кўп ўтмай Наима иккала ўғлидан ҳам ажраб қолди. Одатга кўра оилада тўнғич фарзанд ўзидан насл қолдирмай вафот этса, ундан кейинги ўғил акасининг ва шу оиланинг наслини давом эттириш учун акасининг хотинига уйланиши керак эди. Бундай удумлар адашмасам бизда ҳам бўлган. Наима ўз юртига қайтиб кетаётиб келинларини ўз отa- оналариникига қайтариб юбормоқчи бўлди.

Narrator 1 Лекин келинлари: -Йўқ, биз сиз билан кетамиз, сизнинг халқингиз орасида яшаймиз, — дейишди. Наима эса: -Қайтинглар, жон қизларим! — деди. — Мен билан кетганингиздан нима фойда?! Қорнимда яна ўғилларим бормидики сизларга умр йўлдоши бўлса?! Бўлди энди, қизларим, қайтинглар! Мен энди кексайдим, эрга тегишга ожизман. Борди–ю, мен ҳали умид қилсам бўлади, деб шу кеча эрим билан қовушсам-у ўғиллар туғсам, улар улғайгунча сизлар кутиб турармидингиз?! Орқага чўзиб, турмушга чиқмай юрармидингизлар?!” Наиманинг сўзларидан ўша пайтда оилага ва наслга тегишли одат қандай бўлганини билиб олишимиз мумкин. Тавротга кўра, одам фарзанд кўрмасдан вафот этган бўлса, марҳумнинг ака–укаларидан ёки энг яқин уруғларидан бири унинг наслини давом эттириш мақсадида бева қолган хотинни олиши керак эди.

Narrator 2 Улардан туғилган болалар ўлган одамники ҳисобланган. Шу тариқа марҳум оиласининг номи давом этаверган. Бошқа фарзандлари бўлмаган Наима, уларнинг оиласи номи давом этиши учун йўл йўқ, деб ўйлаган. Аммо Худованд Наимани ёлғиз қолдирмади. Бутун оиласидан ажралган ўзи ҳам анчагина қариб қолган аёл ёлғиз яшашини тасаввур қила оласизми? Аммо Худованд меҳрибон. — Сиздан ажралишга, қайтиб кетишга мени мажбур қилманг, — деди Рут. — Сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман, сиз қаерда бўлсангиз, мен ҳам ўша ерда бўламан. Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман. Сиз қаерда оламдан ўтсангиз, мен ҳам ўша ерда жон бериб, дафн қилинаман. Эгам мени не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин. Мени сиздан фақат ўлим ажрата олади. Улар Байтлаҳмга келган пайтда арпа ўрими бошланган эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top