Narrator 1 Ассалому алайкум. Бола оила аталмиш гулшанимизнинг бир гулғунчаси. Ёинки боғимизда эндигина илдиз отаётган ниҳол кабидир. Шундай экан, бу мурғак вужудни тўғри ўстиришга эришсак, тарбияда кутилган натижани қўлга киритган бўламиз. Кичкинтойга «у мумкин эмас, буни қилма, у ёққа борма» деб уқтирсак-да, лекин ўзимиз боланинг кўз ўнгида айтганимизга амал қилмасак, оқибати хайрли кечмайди. Демак, ҳар биримиз фарзандимизда аввало, ўзимизни кўрамиз, унинг хатти-ҳаракати, ҳатто, феъл-атвори ҳам айнан бизни такрорлайди! Тақлидчанликда болаларга етадигани бўлмаса керак. Чунки улар ўзлари ёқтирган китоб ёки фильм қаҳрамонлари, тарбиячилари ёки ота-оналари, хуллас, кимгадир ўхшашни хоҳлайдилар. Аслида тақлиднинг ёмон жойи йўқ, чунки бола ўзи тақлид қилаётган қаҳрамонига ҳавас билан қарайди ва ўзича унга эргашади. Шу аснода кўнглида эзгулик ҳислари уйғонади.
Narrator 2 Лекин масаланинг ғоят нозик томони ҳам бор. Баъзан болакай аслида ёвуз бўлган китоб ё фильм қаҳрамонига ҳам тақлид қилиши мумкин. У қанчалик ёвуз бўлса, шунчалик кучли, ҳамма ундан қўрқади. Айнан мана шу жиҳати боланинг ҳайратини қўзғатади ва ўзи билмаган ҳолда кучли қаҳрамонга тақлид қилади. Демак, фарзандимиз феълида янги одатлар пайдо бўлса, у яхшилик туфайлими ё ёмонликка алоқадорми, буни аниқлаб олишимиз, сўнг эса болага хатти-ҳаракатларининг мазмунини чуқур тушунтиришимиз керак. Болакай тарбияланаётган оилада носоғлом муҳит юзага келса, аниқроғи, катталар ўртасидаги ўзаро муносабат ёмонлашса, бу ҳол бола кайфиятига албатта таъсир кўрсатади. Салбий жиҳати шундаки, кичкинтой ота-онаси жанжалларига гувоҳ бўлиш баробарида улар ишлатган ҳақорат сўзларни эслаб қолади.
Narrator 1Шу ўринда айтиш жоизки, ота-она, умуман оиладаги катталар тортишув ва жанжаллар пайтида болаларни хушмуомалалик билан ташқарига чиқариб юборишлари керак. Чунки тортишув пайтида «жаҳл келса, ақл кетар» қабилида иш тутилиб, бола фавқулодда энг уятсиз сўзларни эшитади, натижада унинг руҳияти шикастланади. Энг ёмони, болакай яқин тенгқурлари билан жанжаллашиб қолса, ота-онасидан эшитган уят сўзларни беихтиёр ишлатиб юборади. Гарчи мазмунини тушунмаса-да, бундай сўзлар унинг кундалик луғатидан аста-секин ўрин олиб бораверади. Охир-оқибат, у «сўконғич» болага айланади. Баъзи болалар сўкишда ишлатиладиган сўзларини кўча-куйдан ўрганадилар. Дастлаб, ота-она бунга деярли аҳамият бермайди. Натижада бола ҳар қандай уят сўзларни ҳам тап тортмасдан қўллайверади.
Narrator 2 Боғчада ёки оилада катталар томонидан кучли таъсир кўрсатувчи танбеҳлар бола ҳотирасида узоқ вақт сақланади. Шунингдек, баъзан катталарнинг бир-бирови ҳақида ҳақоратомуз сўзлар айтиши ҳам боланинг назаридан четда қолмайди. Бу икки ҳолатда ҳам ножоиз сўзларни бола худди табиийдек қабул қилади ва маъносини англаб етмаган ҳолда тез-тез қўллаб туради. Масалан, бола бир кунда 400 ёки 500 та сўзни айтиши мумкиндир. Бу сўзлар орасида эса танбеҳ ва ҳақоратлар юз маротабагача такрорланади. Гарчи бола ножоиз сўзларни беихтиёр ишлатган бўлса-да, бу унга одат бўлиб қолаётганлиги ўз-ўзидан аён. Аянчлиси, бола миясидаги доминантларни назорат қилиш қийин кечади. Бунинг ҳаммаси боладаги ташқи нутқнинг юзага чиққан аломатларидир. Бола 6-7 ёшга киргандан кейин унда ички нутқ шаклланади. Бунда у айтадиган сўзини гарчи мантиқий жиҳатдан тушунмаса-да, ўйлаб гапиришга ўрганади.