3:17

Бола руҳияти

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Бугунги кунда болалар мутахасислари зиммасидаги масъулият катталар шифокорига нисбатан бир мунча машаққатли бўлиб қолди. Замоннинг тезлашиб кетгани ота-оналарни шошириб қўйдими, ё чиндан ҳам ҳамма асабий бўлиб қолдими, бу ҳолатлар оилада болалар руҳиятига таъсир қилмай қолмаяпти. Болалар ҳолатини англаб етишнинг ўзи бўлмаса керак. Бунинг устига, онги энди ўсиб келаётган болалар инжиқлиги, ўсмирлар ўжарлиги, буларни синчиклаб ўрганиш учун етарлича тажриба ва малака керак. Бироқ эндигина фарзандли бўлган ёки биринчи марта ўсмир фарзанд ўстираётган ота-оналарда бундай тажриба қаёқда дейсиз?! Бундай ота-оналарга маслаҳатимиз, фарзандингиз ҳали кичиклигидаёқ, фарзандлар саломатлиги, тарбияси ва руҳиятига оид китобларни мутоалаа қилинг, фарзанди бор бошқа ота-оналар билан суҳбатлашинг.

Narrator 2 Шундай қилсангиз, келгусида қилишингиз мумкин бўлган хатоларнинг олдини олган бўласиз. Табиийки, болалар тасаввури катталарникига нисбатан буткул ўзгача, улар воқеликка тўғри маънода қарашади ва тез таъсирланадилар. Бир пасда аразлашади. Уларнинг руҳиятидаги ўзгаришларни эса айрим ота-оналар қийин «ҳазм» қилишади. Турмушдаги кескин воқалар бола руҳиятига қаттиқ таъсир этиши натижасида депрессия, ҳиссий эсанкираш, ваҳима ва қўрқув ҳолатлари пайдо бўлади. Бундай ҳолатга тушишига кўпинча оиладаги муҳитнинг носоғломлиги, ота-оналарнинг ўзаро келишмовчилиги оқибатида келиб чиқадиган беҳуда жанжаллари сабаб бўлади. Шу боис энг аввало, оилада соғлом муҳитни қарор топтириш керак.

Narrator 1 Ўн ёшлар атрофидаги болалар ҳаёт ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлгани ва баъзи воқеалар мазмунини тушуниб етиши туфайли уларда реактив ҳолат мураккаброқ кечади. Бу ёшдагилар кескин ҳодисаларга дуч келганида ҳиссий ирода бузилиши, масалан, қўрқиш, ҳавотирланиш, маъюслик, овқат емай қўйиш, эсанкираш, теварак-атрофдагиларга телбаларча муносабатда бўлиш, ўйчанлик, лоқайдлик, йиғлаб кулиб юбориш сингарилар юзага келади. Турмушдаги кескин вазиятлар туфайли аксарият болалар қўрқоқ бўлиб қолишади. Баъзиларда қаттиқ товушдан чўчиб кетиш оқибатида пешобини тутолмаслик касали ривожланади. Бунда ота-она болам энурез бўлибди, деб ўйлаб, шифокорга олиб боришади. Аслида эса боланинг руҳияти шикастлангани сабаб шу хасталик юзага келганини ота-она ҳам, мутахассис ҳам пайқамайди.

Narrator 2 Бундай болалар кейинчалик қоронғуликдан қўрқадиган, олисда бирор шарпани кўрса, ташвишга тушадиган, янги иш бошлашдан чўчийдиган, ҳар нарсадан шубҳаланадиган бўлиб қолади. Бундай вақтда бола феълида одамовилик, яъни нотаниш одамлар орасида ўзини ноқулай ҳис қилиш юзага келади. Бора-бора у бундай давралардан узоқлашади. Шундай бўлмаслиги учун, ота-оналар бола ҳали жуда ёшлигида, уларнинг руҳияти, оиладаги жанжалларнинг салбий таъсирлари ҳақида жуда яхши тушунчага эга бўлган бўлишлари керак. Энг муҳими сизга фарзанд ато қилган ва сизни ҳам вужудга келтирган Яратувчидан фарзанд тарбияси ва оилани юритиш борасида донолик сўранг. У сизга қулоқ солади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top