3:33

Худо бизнинг умидимиз

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Оила жамият ва инсонлар назарида жуда ҳам мухим қўрғон. Бу чиндан шундай. У бизнинг манзилимиз, бошпанамиз, ором ва ҳотиржамлик топадиган бир маскан. Аммо у ерда Худо бўлмаса, юқорида санаб ўтилганларнинг ҳаммаси сароб бўлиб чиқади. Оила ва унда яшайдиганлар Худовандимиз учун жуда ҳам қадрли. У азалданоқ одамзотнинг оила бўлиб яшашини истаган. Энди эса мана шу оилалар ичида ва айни пайтда дунёда Унга суяниб яшашимизни истайди. Шу мақсад билан бугун бутун бир оила билан сухбатлашишни маъқул топдик. Келинг, диққат билан тингланг, Худо бугун сизга нима дер экан?! Муқаддас Калом жуда ажойиб бир китоб. У бизга ўзимизни ва Худонинг кимлигини тушунишимизга ёрбам берадиган кўп ҳикояларни гапиради. Муқаддас Каломда Худо қандай қилиб дунёни ва ундаги ҳамма нарсаларни, Одам Ато ва Момо Ҳавони яратгани ҳақида ўрганамиз.

Narrator 2 У яратган дунё мукаммал эди. Лекин Одам Ато билан Момо Ҳаво Худога қарши гуноҳ қилди ва уларнинг Худо билан муносабати бузилди. Айнан шу биргина гуноҳ дунёни бутунлай ўзгартириб юборди. Энди уларнинг Худо билан муносабати бузилгач, улар хаётида жуда ҳам кўп қийинчиликлар пайдо бўла бошлади. Энди Одам Ато билан Момо Ҳаво бир кун келиб ўлишларини ва бу уларнинг қилган гуноҳлари оқибати эканлигини жуда яхши билишарди. Аммо Худованд азалданоқ дунё яратилишидан олдин қилган мақсади, яъни инсонлар Унга яқин бўлиши ҳақидаги режасидан воз кечмаган эди. Шунинг учун ҳам Худованд бир куни одамзодни гуноҳдан қутқарадиган ва Худога яқинлаштирадиган Нажоткорни юборишга ваъда қилди. Каломда ёзилишича, У шайтоннинг бошини эзиб ташлайди ва Худонинг фарзандларини Худодан узоқлаштирадиган ҳаракатларини пучга чиқаради.

Narrator 1Вақт ўтди. Ерда одамлар кўпайгандан-кўпайиб бораверди. Одамлар Худони унутиб бегона ва сохта худоларга сажда қилишни бошлашди. Ўша кунларда Худованд Ибром деган одамни танлади. У Иброхимга: “Сендан буюк бир халқ яратаман ва дунёдаги барча халқлар сен орқали барака топадилар”, деб ваъда берди. Қизиқ, Худованд унга шундай ваъда берганида Ибром билан хотини Сорайнинг фарзандлари йўқ эди. Калом Сорайни “бепушт эди”, дейди. Орадан жуда кўп вақтлар ўтди. Худонинг ваъдаси ҳамон ваъдалигича қолмоқда. Улар жуда қариб, фарзанд кўришга ярамайдиган, умидсиз ва ҳатто имконсиз бир пайтда Худованд Ўз ваъдасини бажарди. Агар ўшанда Худованд уларга ёрдамга келмаганида улар авлодсиз, жамиятнинг нафрати остида ўлиб кетишган бўларди.

Narrator 2 Лекин Худога шукурки, Унинг Ўзи бизнинг умидимиз ва бошимизни баланд кўтаргувчимиздир. Ўша пайтларда Худованд Нажоткор келиб чиқадиган халқни яратаётган эди. Бу Худо махсус танлаган Исроил халқи эди. Сизни билмадим-у, лекин Худо кимнидир Ўзининг махсус ҳалқи, деб танлаганини эшитсам, уларнинг ҳаётлари марҳаматланган ва ташвишлардан ҳоли, деб ўйлайман. Агар Худо улар билан бирга бўлса уларнинг ҳаёти осон бўлиши керак. Аммо Исроил халқининг ҳаётига қарасангиз, ундай бўлмаганини кўрамиз. Иброҳимдан Исҳоқ туғилди. Исҳоқдан Ёқуб. Ёқубнинг ҳаётидавомида улар яшаётган ерда қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Шундай бўлдики, улар бутунлай егуликсиз қолдилар. Бундай ҳолатда ўлиб кетиш хеч гап эмас. Сиз уларнинг ўрнида бўлсангиз нима қилардингиз? Ҳа, улар ҳам қаттиқ қайғуга ботган ва умидсиз эдилар. Агар Худо Ёқубнинг ўғли Юсуф орқали ёрдам бермаганида улар умидсиз ўлиб кетишган бўларди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top