Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар бир кичик уй гуруҳларидаги шогирдларимиз Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдларидир.
Биринчи Коринфликларга мактубининг 11 боби 1 оятида шундай деб ёзиб қўйилган жойи бор: “Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар”. Нима деб ўйлайсиз азиз радио тингловчи биродарлар, ушбу айтилган гапда қандайдир мағрурлик борми? Аввало биз шуни тан олиб айтишимиз керак-ки, биз инсонлар асло Раббимиз Исо Масиҳга ўхшаб ҳаёт кечира олмаймиз.
Шу билан бирга аслида шогирдларимиз Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдлари эканлигини бир зум бўлса-да ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Албатта ҳар бир устознинг мақсади — Раб Исога ўхшаган бўлишдир. Шундай экан, демак, шогирдларимизни тўғри йўлдан бошлаб бораётганимизга имонимиз комил бўлиши керак.
Албатта, биз ўзимизни бошқа инсонлар билан солиштирмасдан, Раббимиз Исо Масиҳнинг қандай ажойиб ҳаёт кечирганлигига қарашимиз керак. Нафақат қарашимиз, балки ҳаракат қилишимиз керак. Ўхшашга ҳаракат қилсак, биз аста- секинлик билан комилликка эришиб борамиз. Ҳамма жойларда бўлгани каби кичик уй гуруҳларида ҳам ўзига яраша муаммолар бўлиб туриши аниқ.
Айтайлик, баъзида кимдир йиғилишларга келмай қолса, гуруҳ аъзоларидан яна кимлардир ўзаро келиша олмай қолишлари мумкин. Шундай пайтларда муаммоларни қандай ҳал қилишни билмай бошимиз қотади. Демак, шундай вазиятларда нима қилишимиз керак? Биринчи галда ибодат қилиш ҳар биримизнинг асосий вазифаларимиз бўлиши керак.
Чунки Муқаддас Руҳ ҳар биримизга берилган. Юҳанно мактубининг 14 боби 26 оятида айнан шу ҳақида ўқиб олишингиз мумкин. Демак, ибодат қилиш орқали биз Худодан куч-қудрат, кечириш ва гуруҳ аъзоларини тўғри бошқаришни ўрганамиз ва Худодан ёрдам оламиз. Иккинчи галда эса бошқа биродарлардан ибодат қилишларини ва ўз тажрибалари билан бўлишишларини илтимос қилинг.
Чунки ҳамма кичик уй гуруҳларида ҳам шунга ўхшаш муаммолар бўлади. Бир-биримизга амалий ёрдам кўрсатиш орқали эса кўп ижобий натижаларга эришиш мумкин. Баъзида кичик уй гуруҳининг аъзолари ёки етакчилари ҳам тушкунликка тушиб қолиши мумкин. Ўз-ўзингизга “нима учун шундай бўлди?” деб саволлар бериб қийналишдан кўра, ибодат орқали Худованд билан биргаликда ечим топиш фойдалироқдир.
Азизлар, доимо ҳушёр ва зийрак бўлинг, чунки шайтон доимо кимнидир ўз қармоғига илинтириш илинжида юради. Донолик ва зийрак бўлиш эса ҳар биримизга ёрдам беради. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз поёнига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азизлар, мактубларингизни кутиб қоламиз. Ҳозирча эса хайр.