Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, ўтган эшиттиришларимизнинг бирида сизларга жамоатлар ва кичик уй гуруҳларининг мақсадлари ҳақида айтиб ўтган эдик.
Шу мақсадларни амалга ошириш учун энди нималар қилишимиз керак? Муқаддас Руҳ Раббимиз Исо Масиҳни шогирдлари устига тушганидан сўнг, илк жамоатлар пайдо бўла бошлади. Улар бошидан бошлаб қўйидаги ишларга амал қила бошладилар. Бу ишлар ҳақида Ҳаворийлар китобининг 2 боби 38 оятидан 47 оятларигача бўлган жойлардан ўқиб олишингиз мумкин.
Масалан, шу бобнинг 38 оятида улар Хушхабар айтганлигини кўришимиз мумкин, бундан ташқари 41 оятида улар одамларни сувга чўмдириб имонга киритганлигни ҳам кўрамиз. 42 оятда эса Каломдан дарс бериш, ҳамдўстлик, нон синдириш маросимини ва биргаликда ибодат қилганликларига аминмиз. 43 оятида эса Муқаддас Руҳнинг кучи таъсирида муҳтож одамларга ёрдам берганликлари ҳам маълум.
Ундан кейинги оятида эса муҳтожларга молиявий ёрдам кўрсатишганига аминмиз. Қолган оятларда улар ҳар куни бирга ўз уйларида овқатланганликлари ва Худовандни улуғлаб шукроналар айтганини кўришимиз мумкин. Азиз биродарлар, мана шу юқорида айтиб ўтилган барча амалий ишларни ҳаворийлар бажаришган, худди шу каби бизнинг жамоатларимиз ва кичик уй гуруҳларимиз ҳам шу ишларни амалга оширсак, нур устига аъло нур бўлар эди.
Чунки илк жамоатларнинг қилган ишлари бугунги кун жамоатларига ҳам сўзсиз тегишлидир, деб айта оламиз. Чунки Худованднинг мақсадлари орадан вақт ўтиши билан ўзгармайди. Шундай экан, ҳар бир кичик уй жамоатлари ҳам шундай улуғ ишларни амалга оширишга қодир, деб айтмоқчимиз.
Азизлар, агарда Муқаддас Каломни вароқлаб чиқсак, унда Худонинг мақсадлари, фаолияти ва таълими ҳақида кўп нарсалар ёзилганига гувоҳ бўламиз. Фаолиятнинг кўриниши ёки жамоатнинг шакли ҳақида эса кам ёзилган. Нима учун шундай? Чунки Худованд учун ташқи кўринишнинг аҳамияти йўқ,Унга инсонларнинг юраги аҳамиятлидир.
Азиз биродарлар, Худованд Ўзи яратган ҳар бир тил, маданият ва шакл орқали Ўзини улуғлайди. Мана шунинг учун ҳам азизлар, биз бошқаларни қораламасдан, фақат бизнинг усулумиз тўғри, деб ўйламасдан, Худованднинг Шоҳлигида биз бирликда аҳл-иноқликда бир-биримизни қабул қилиб, ҳукм қилмасдан, Уни улуғлаб яшашимиз керак.
Шундагина ҳар бир кичик уй жамоатлари ва бошқа жамоатлар ҳам Худованднинг баракасига эга бўлади. Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди, бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Азизлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.