Ассалому алайкум. Меҳрибон ва оқила қайноналар. Бир дунё орзу-ниятлар, соф туйғулар билан келин қилган оналар. Келин туширганингизга мана салкам бир ой бўлибди. Энди келинни ота-онасиникига юбориш ҳақида ҳам ўйланг. Келинингиз ота-онасини соғинган, ўзи айтмаса ҳам сезиб юрибсиз. Қудалар келиннинг ўз ота-оналари бўлса ҳам, келин энди сизнинг қизингиз, оилангизнинг бир аъзоси, шунинг учун ҳам уни ҳурмат билан кузатиш ва мумкин бўлса оила аъзоларингиздан бирортасини қўшиб юбориш керак бўлади. У ота-онасиникига меҳмондай бўлиб бориб келади. Онасиникидан қайтгач, онаси бериб юборган нарсалардан камчилик топманг. Имкон қадар мақтанг. Шунда келинингизнинг сизга бўлган меҳри яна ҳам ортади. Яна битта маслаҳатим: Ота-онасиникига бориб келиши учун рухсат беришингиз келин учун салкам байрам. Қиз туғишганларини яхши кайфият билан кўриб, дийдорлашиб яна хонадонингизга учиб қўниб, меҳр-муҳаббат билан қайтиб келиши учун уни фақат яхши кайфият билан кузатинг. Ўз хонадонидан хурсанд чиқиб кетган одамгина бошқалар билан очиқ юз, хуш кайфият билан гаплашади. Аксинча… Келин ёш-да, билиб-билмасдан уйингиздан чиқаётгандаги кайфиятини сездириб қўйиши ёки бўлиб ўтган воқеани айтиб бериши ҳам мумкин. Бундан қудаларнинг дилига ғашлик тушади, орадан оқибат кўтарилиши мумкин. Бир онахон бор эдилар. У доим: «Болам, хафа бўлганингда уйингдан чиқма, ҳеч ким билан гаплашма. Ота-онангникига хурсанд бўлиб бориб келгин», — дердилар. Сиз бу маслаҳатларни жуда яхши биласиз. Хуллас, «Билардан ҳам ўтади, билмасдан ҳам ўтади», — деган мақол бор. Шуни хисобга олиб, бугуннигина ўйлаб эмас, узоқни кўзлаб иш тутсангиз, фақат ютасиз.
Худога беҳисоб шукрлар бўлсинки бир неча фазанднинг онасисиз. Келиннинг қайнака, қайнукалари бор. Хонадонингиз обод, фарзандларингиз бир-бири билан аҳил. Инсон нималарни кўрмайди, деганларидек, бундай шароитли хонадонларда вазият, урф-одатлар турлича. Улардан келиб чиқадиган оқибатлар ҳам гоҳ шукр қилишга, гоҳида фикр қилишга ундайди. Келин қайнака ва қайнукалари билан асосан салом-аликдан нарига ўтмаслиги керак. «Бир оилада яшаб, қандай қилиб салом-аликдан нарига ўтмайди», — дейдиганлар ҳам топилар. Ҳа, мен яна такрорлайман: келиннинг оилада ўз куёвидан бошқа ака-укалар билан жуда апоқ-чапоқ бўлиб кетиши, узундан-узоқ суҳбатлар қуриб ўтириши, ҳар тўғрида баҳслашиши одобдан, андишадан эмас. Эрнинг ўз аёлига яхши муомала одобларини ўргатиши керак. Яъни никоҳига хавф солиши мумкин бўлган, ҳар турли ёмон фикрларга туртки бўладиган ишлардан тийилишни эслатиб ўтиши лозим. Шунинг учун ҳам келин оилада ўз куёвидан бошқаси билан эркин гаплашиши яхши эмас. Қайнака ва қайнукаларига ҳурмат билан муносабатда бўлиб, юқорида айтганимиздек, салом аликдан бошқа суҳбатлари бўлмаслиги керак. Шундай қилинса, кўпгина деди-дедиларнинг, дилхираликларнинг олди олинади.