3:05

Қурбон Ҳайит 04

MP3

Ассалому алайкум азиз мухлисларимиз. Мана азиз биродарлар, сиз билан яна мавзуларимиз орқали соғ-омонликда учрашиб турибмиз. Ушбу учрашув учун Худовандга раҳмат айтсак арзийди. Унинг инятининг чеки йўқдир. Фақатгина У хоҳласа, биз инсонларнинг режаларимиз амалга ошади.

Азиз биродарлар, Худонинг раҳмдиллиги, яъни марҳамати инсоннинг муаммосидан ўтиш имкониятини таъминлайди. Кўраяпсизми, азизлар? Худо биз билан, Ўзи яратганлари билан муносабатда бўлишни хоҳлайди, лекин гуноҳ У билан бизнинг орамизда катта деворни қурди.

Фақат солиҳгина бу деворни кесиб ўтиб Худога қарай олади. Шундай экан, Исо Масиҳдан ташқари, биз ҳаммамиз аллақачон гуноҳ қилганмиз ва гуноҳкормиз. Инжилнинг таълим беришича, фақат Исо Масиҳгина, Муқаддас Худо ва гуноҳкор одам ўртасидаги ягона эшикдир.

Нима учун айнан Исо Масиҳ, ер юзидаги ва тарихдаги бирон машҳур кимса эмас? Исо Масиҳнинг мўъжизали равишда туғилиши. Исо Масиҳ инсоннинг ўғли эмас эди, лекин Оллоҳнинг Муқаддас Руҳининг қудрати билан Марям ҳомиладор бўлган эди.

У бокира қиздан туғилган ягона инсон эди. Исо Масиҳнинг туғилиши инсоннинг хоҳиши эмас, балки Худонинг хоҳиш иродасидир. Исо Масиҳ бенуқсондир ва бутун инсониятдан туғилиши орқали ажралиб туради.

Бенуқсон туғилган ҳеч қандай пайғамбар ёки етакчи йўқдир. Барча пайғамбарлар фақат инсон эканлигини даъво қилишади. Фақат Исо Масиҳгина Худонинг Сўзи “Каломуллоҳ” эканлигини даъво қилади. Худонинг қудрати бу мўъжизани қилди. “Худонинг фариштаси унга деди: Марям, қўрқма, сен Худодан иноят топдинг.

Мана, сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғажаксан ва Унинг исмини Исо қўярсан. У улуғ бўлгай, Худойи Таолонинг Ўғли деб ном олгай. Худойи Таоло Унга отаси Довуднинг тахтини бергай. У Ёқуб хонадони узра абадий подшоҳлик қилур ва бу подшоҳликнинг чеки бўлмагай.”

“Марям: мен ҳали эр кўрмаган бўлсам, бу қандай бўлади?- деб фариштадан сўради. Фаришта жавоб берди: Муқаддас Руҳ сенинг устингга тушиб келади, Худойи Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу сабабли, сендан туғилажак муқаддас бола Худонинг Ўғли дейилур.

Мана, бепушт деб юришган қариндошинг Элизабет ҳам қарилигида ўғилга ҳомиладор бўлди. Ҳомиласи олтинчи ойда. Зеро, Худонинг бирон каломи пучга чиқмас.” Луқо китобининг 1 боби 30 оятидан 37 оятларигача бўлган жойлар.

Мана шу бокира қиздан туғилган Исо Масиҳ гуноҳкор инсонларнинг барча гуноҳларини Ўз бўйнига олди ва Ўзини гуноҳларимиз учун қурбон қилиб бағишлади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com Азизлар, яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top