Narrator 1 Ассалому алайкум. Худони севамиз, Усиз ҳаётимиз вайронага айланади. Усиз ҳаётимиз мазмуни йўқолади. Шундай бўлса ҳам баъзан унинг иродасини бажаришга қийналамиз. У биздан нима исташини биламиз, аммо шунда ҳам ўзимиз юрагимизда асраб ардоқлаб юрган ниятларимиз ва режаларимиз бажо келишини истаймиз. Бу режаларимизни қўйиб юборишни ва унинг ўрнига Худонинг ҳаётимизга қўйган режасини қабул қилишни истамаймиз. Назаримизда бизнинг режаларимиз ва истакларимиз биз учун энг яхшиси, Худоники эса яхши эмасдек кўринади. Аммо чиндан ҳам шундаймикан? Агар шундай деб ўйласангиз, Худони кўп нарсага ақли етмайдиган, Ўз истакларини бажаришни истайдиган худбин Зотга айлантириб қўямиз. Бу Худога нисбатан ҳақорат-ку! Баъзан эса иложсиз, шундай дейиш керак бўлгани учун: “Майли, Худовандим, менинг иродам эмас Сенинг ироданг бўлсин”, деймиз.
Narrator 2 Аммо шундай пайтда, Худованд сизга: “Эй иккиюзламачи! Сен тилингдагина шундай деяпсан”, дейди. Унинг иродасини қабул қилиш ва бу пайтда ибодат қилиш жуда мушкул. Худонинг фарзандлари ва уларнинг ҳаётларидаги Худонинг иродаси ҳам турлича. Кимдир, ҳаста фарзандини қўйиб юборишни истамайди, бошқаси эса оиласи учун энг яхши деб ҳисоблаган режасидан воз кечишни истамайди. Биз нега Худо биздан буни талаб этаётганини билмаймиз, тушунмаймиз аммо Худонинг Сарвари Олам, Қудратли подшоҳ деб ишонган имонли Унинг иродаси бажо келиши учун, ўз юрагида ардоқлаган режасини қўйиб юбориши керак. Унга бўлган имонимиз шу пайтда синалади. Бироқ мушкул бўлса ҳам, Унинг иродасини қабул қилсак, юрагимизга тинчлик келади. Аста-секин Худонинг режаси бўйича иш кўриш осонлашади. Қизиғи, буни аввал қанчалик истамаган бўлсак, энди сокинлик ва хурсандчилик билан қадам ташлаймиз.
Narrator 1 Бир биродар ҳаётида бўлган воқеа ҳақида шундай дейди: “Мен узоқ вақт, елкамдаги қаттиқ оғриқ билан курашиб яшадим. Бу оғриқларнинг сабаби ҳақида шифокорлар аниқ бир жавоб айтолмасди. Оғриқлар ичида Худованддан ҳафа бўлар, бу оғриқларни олиб ташлашини илтижо қилиб ибодат қилардим. Аммо Худо жавоб беришга ошиқмасди. Албатта оғриқ қолдирувчи дорилардан қабул қилардим, аммо бир сафар Каломдаги “Менинг қудратим заифликда тугал бўлади”, деган оятни ўқигач, Худованд олдида тинч туришга, ундан ҳафа бўлмасликка қарор қилдим. Худо нима қилса ҳам фақат менинг яхшилигим ва Ўзининг улуғворлиги учун қилади, деган фикр менинг қалбимни ҳотиржам қилди. Кўп ўтмай, бошқа шифокорга мурожаат қилдим. У оғриқларнинг асл манбаини топиш учун оғриқлар пайтида дори қабул қилмай туришни маслаҳат берди. Мана бу ҳақиқий азоблар ичида ҳам қалбим ҳотиржам эди. Чунки бунда ҳам Худонинг режаси борлигини билардим. ”
Narrator 2 Биз ҳаммамиз Худонинг бандаларимиз. Банда эканмиз, Яратувчимизга кўз тикиб, ҳар куни Унинг бошқаруви бўйича иш тутишимиз керак. Бунинг учун ҳар куни ўз менимиздан, режаларимиздан воз кечишимизга тўғри келади. Худонинг ҳаётимизга қўйган режаси бўйича яшасак, Унинг баракати ва қудрати ҳаётимизга кириб келади. Забур китобида ҳазрати Довуд шундай дейди: “Агар уйни Худованд қурмаса қурувчилар бекорга ишлайди. Агар шаҳарни Худованд қўриқламаса, қоровуллар бекорга бедор қоладилар.” Режангиз Худоники билан тўғри келмас экан, беҳудага ҳаракат қилганингиз қолади. Шундай экан, Худонинг режаси энг тўғриси ва энг мақбули эканини тан олиб, ҳотиржам юрак билан, Унинг режаларига амал қилишимиз яхшироқдир. Агар бунга қийналаётган бўлсангиз, Худованддан ёрдам сўранг ва унинг режаси бўлмаган ишларни қўйиб юборишга қарор қилинг.